Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 май куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Расман билдирилишича, суҳбат аввалида Тоқаев Ўзбекистон Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум “муваффақиятли ўтказилгани билан дилдан қутлади”.
Жапаров эса “Конституция бўйича референдумнинг муваффақиятли натижалари ва ушбу тадбир юксак халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилгани билан табриклади”.
Мулоқот пайтида томонлар устувор тармоқлардаги кооперация дастурларини тайёрлаш ва бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жапаров билан мулоқот пайтида Ўш шаҳрида Бобур номидаги академик театрнинг янгиланган биноси очилгани ва Қўқон шаҳрида талабалар спартакиадаси ўтказилгани “муҳим аҳамиятга эга эканлиги” таъкидланди. Ўшдаги Бобур номидаги академик театр биносини таъмирлашга Ўзбекистон камида 5 миллион доллар маблағ ажратган эди.
Ўзбекистонда 30 апрелда ўтказилган референдумда, Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,54 фоизи иштирок этган ҳамда улардан 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституция учун овоз берган.
Марказий сайлов комиссиясига кўра, янги конституция 2023 йил 1 майдан кучга кирди.
Референдумда овозга қўйилган янги таҳрирдаги Конституциянинг президент ваколати тўғрисидаги 106-моддасида (аввалгисида 90-модда эди) Ўзбекистонда президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача узайтириш кўзда тутилган. Бу тузатиш Мирзиёевга яна икки марта (14 йил) давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиш имконини беради.