Қозоғистонда 1929-1956 йилларда сиёсий репрессиялар қурбони бўлган шахсларга оид 2 миллион 400 мингдан кўпроқ архив ҳужжатлари ошкор этилади. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратураси маълум қилди.
Расман билдирилишича, яқин кунларда сургун қилинган 251 минг кишига оид ҳужжатлар Қозоғистон президенти архивига ўтказилади. Шундан сўнг бу маълумотлар жамоатчилик учун очиқ бўлади.
“Йил охиригача 265 минг ишни архивга ўтказиб берамиз. Сургун қилинганлар, мажбуран кўчирилганлар ва жиноий жавобгарликка тортилганлардан 311 мингги шу кунгача оқланди”, дейилади расмий билдирувда.
Қозоғистонда 2020 йилда сиёсий репрессиялар қурбонларини оқлаш бўйича давлат комиссияси ташкил этилган эди.
Қирғизистон парламентида эса 18 сентябрь куни Совет Иттифоқи даврида қатағон қилинганларни оқлаш бўйича қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошланди.
Қонун муаллифларидан бири Жанар Ақаевнинг айтишича, қонун қабул қилинса, қатағон қурбонларини оқлаш бўйича махсус давлат комиссияси ташкил этилади. Бунинг ортидан қатағон қилинган камида 20 минг киши оқланиши кутилмоқда.
Августнинг охирларида Ўзбекистон Олий суди Шўролар даврида “босмачи”ликда айбланиб қатағон қилинган 240 кишига нисбатан бешта жиноят ишини қайта кўриб чиққан ва уларни оқлаган эди.
19 апрель куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати 1930-31 йилда қатағон қилинган 208 нафар ўзбекистонликка оид учта жиноят ишини кўриб чиққан ва уларнинг барчасини оқлаган.
Бунга қадар Олий судда қатағон қурбонларини оқлаш бўйича иш олиб бораётган гуруҳ томонидан 408 киши оқланган. Сўнгги қарор ортидан жами оқланганлар сони 856 кишига етди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилнинг 31 август куни Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейида қилган чиқишида, СССР замонида юз минг ўзбекистонлик қатағон қилингани ва улардан 13 мингги отиб ташлангани тўғрисида гапирган эди.
Ўзбекистонда 2001 йилдан бери 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонланиб келинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари президент Ислом Каримов давридаги сиёсий маҳбуслар реабилитациясини ҳам кун тартибига қўйишган, аммо ҳозирча саноқли одамларгина реабилитация қилинган.