Эронлик юқори лавозимли амалдорлар Теҳронда ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ўлдирилгани ортидан Исроилга қарши муҳтамал жавоб чораларини муҳокама қилиш учун Ироқ, Ливан ва Яман қуролли гуруҳлари вакиллари билан учрашади. Бу ҳақда Reuters агентлиги бешта манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Аввалроқ The New York Times уч манбага таянган ҳолда Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилга тўғридан-тўғри зарба ҳозирлаш топшириғини бергани ҳақида хабар қилган эди. Жавоб зарбасига Исмоил Ҳаниянинг ўлими сабаб ўлароқ кўрсатилган, бу ўлим учун Теҳрон масъулиятни Исроилга юкламоқда. Исроил расмийлари ва ҳарбийлари Ҳания ўлими юзасидан изоҳ беришмаган, бу ўлим билан боғлиқ расмий маълумот берилган эмас. Манбалар таъкидича, унинг уйи ракета зарбасига нишон бўлган.
Биринчи август куни Теҳронда Исмоил Ҳаниянинг дафн маросими бўлиб ўтди, дея хабар қилди Nova агентлиги. Жаноза маросимига Эрон раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий бошчилик қилган. Маросимга ўн минглаб одам йиғилган.
Эрон шу йилнинг 14 апрелига ўтар кечаси Исроилни ёппасига ракеталар билан ўққа тутган, бу ҳужум Исроилнинг Сурияга берган зарбасида эронлик ҳарбий маслаҳатчилар ҳалок бўлганига жавоб экани айтилган. Ўша пайтда Исроил бўйлаб учирилган дронлар ва ракеталарнинг қарийб ҳаммаси уриб туширилгани, ҳеч ким ҳалок бўлмагани айтилганди.
Исроил билан ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашув радикал гуруҳнинг 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига қилган ҳужуми ортидан кучайиб кетган. Бу ҳужумга жавобан Исроил ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган.