Дунё бўйлаб тобора кўпроқ одам "зерикарли" ёки “депрессияга туширувчи” дея янгилик ўқишдан бош тортяпти. Бу ҳақда Рейтер Журналистикани ўрганиш институти (Reuters Institute for the Study of Journalism) томонидан ўтказилган глобал тадқиқотда айтилган.
Жорий йилнинг январь-февраль ойларида ўтказилган сўровда дунёдаги 47 та мамлакатдан қарийб 95 минг киши қатнашган. Тадқиқот чоғида ҳар 10 респондентдан тўрт нафари (39 фоиз) янгилик ўқишдан онгли равишда бош тортаётгани аниқланган. “2017 йилда бу кўрсаткич анча паст — 29 фоиз эди”, дея қайд этган Би-би-си.
Ҳисобот муаллифлари фикрича, одамларнинг янгиликлар кун тартибидан “узилиб олиш” истаги Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Ҳисоботда янгиликдан қочишга уриниш ҳозирда рекорд даражада юқори экани айтилган.
Янгиликларни диққат билан кузатиб боришини айтган респондентлар улуши дунё бўйлаб 46 фоизга қисқарган. Бу 2017 йилдаги (63%) кўрсаткичдан 17 фоизга пастдир.
Британияда 2015 йилдан бошлаб янгиликларга қизиқиш қарийб икки баробарга пасайган.
Тадқиқот муаллифлари қайдича, видео шаклидаги хабарлар интернетда, айниқса ёшлар орасида тобора муҳимроқ янгилик манбаи бўлиб бормоқда. Ҳисоботга мувофиқ, қисқа хабар тарзидаги видеороликлар тобора оммабоп бўлиб боряпти.