Европа Иттифоқи Россиянинг коронавирусга қарши "Спутник V" вакцинасини сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters Европа Иттифоқидаги расмий манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Европа Иттифоқининг вакцина ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар олиб бораётган гуруҳи аъзоси агентликка Брюссел "Спутник V" вакцинасини олға суришга мутасадди бўлган Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси билан музокаралар олиб бориш масаласини ўрганаётганини айтган.
Унга кўра, Италия Рим яқинидаги ReiThera заводида "Спутника V" вакцинасини ишлаб чиқариш имконияти борлигини билдирган.
Акцияларининг 30 фоизи Италия ҳукуматига тегишли бўлган ReiThera ширкати бу борада изоҳ беришдан бош тортди.
Мазкур ширкат айни пайтда коронавирусга қарши ўз вакцинасини ишлаб чиқиш устида меҳнат қилмоқда.