RFERL президенти: “Азаттиқ Медиа”нинг тўсиқсиз ишлаши таъминланиши лозим

RFERL президенти Жейми Флай (олд планда)

“Озод Европа/Озодлик радиоси” медиакорпорацияси президенти Жейми Флай Қирғизистонда Озодликнинг қирғиз хизмати - “Азаттиқ Медиа” банк ҳисобрақамларининг музлатилиши юзасидан баёнот берди.

“Қирғиз расмийлари томонидан амалга оширилаётган бу каби эскалация Қирғизистон қонунларининг бузилишига ўхшайди. Биз журналистларимизни жим бўлишга мажбур қилиш бўйича бу уринишга қарши курашамиз”, деган Флай.

RFERL президенти “Азаттиқ” ишончли ахборот манбаи бўлиб ҳисобланиши ҳамда унинг тўсиқсиз ишлаши таъминланиши зарурлигини қўшимча қилган.

31 октябрь куни Қирғизистондаги DemirBank вакиллари “Азаттиқ Медиа” муассасаси ҳисобрақамлари блокировка қилингани ҳақида оғзаки маълумот берганлар ва изоҳ учун Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига (МХДҚ) мурожаат қилишни тавсия қилишган. “Азаттиқ” бу борада банкдан ҳеч қанақа расмий ёзма билдиришнома олган эмас.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги 26 октябрь куни “Азаттиқ Медиа” сайтлари ишини икки ойга блокировка қилиш ҳақида қарор қабул қилган. Вазирлик қайдича, мазкур қарор “Настояшчее Время” телеканали (Озод Европа/Озодлик радиоси ва “Америка овози”нинг қўшма лойиҳаси) лавҳасига жавобан қабул қилинган.

Озод Европа/Озодлик радиоси раҳбарияти бу қадамни Қирғизистонда эркин оммавий ахборот воситаларига босим ўлароқ баҳолаб, бу ҳолат демократияга путур етказишини урғулаган