Сўнгги пайтларда Ўзбекистон фуқаролари Россия Федерациясига киришда ёки Москвадаги “Шереметьево” аэропорти орқали транзит ўтишда қийинчиликларга дуч келишмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ўз call-марказига келиб тушаётган хабарларга таянган ҳолда маълумот тарқатди.
Дипломатик ваколатхона қайдича, мазкур жойларда ўзбекистонликлар узоқ вақтга чўзилган қўшимча текширувлардан ўтишга мажбур бўлишяпти.
Элчихона вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Россия Ташқи ишлар вазирлигига мурожаатнома йўлланганини билдирган.
Айни пайтда, ўзбек дипломатларига кўра, элчихонанинг консуллик бўлими “Шереметьево” аэропорти чегара назорати хизмати билан доимий алоқада бўлиб турибди.
РФга кираётган меҳнат муҳожирларини қўшимча текширувлардан ўтказиш ҳолати Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказига қилинган қуролли ҳужум ортидан кўпайган.
Жорий йилнинг 22 март куни содир этилган теракт чоғида, сўнгги маълумотларга кўра, 144 киши ҳалок бўлган. Россиялик терговчилар ҳужумни бевосита амалга оширган шахсларнинг аксарияти тожикистонликлар эканини билдирган.
Апрель ойи охирида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Москва аэропортларида Россияга қонуний йўллар билан киришга уринган мингдан зиёд тожикистонлик тутиб турилгани ҳақида маълум қилган, улар тегишли санитария шарт-шароитисиз сақланаётгани ва иссиқ овқат билан таъминланмаётганини билдирган эди.
Ўшанда “Тожикистон фуқароларига Россия ҳудудида ўта салбий муомала қилинаётгани ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар жойда бузилаётгани муносабати билан жиддий ташвиш” билдирган вазирлик 29 апрель куни Россиянинг Душанбедаги элчиси Семён Григорьевга норозилик нотасини топширгани маълум қилинган эди.