Қирғизистон Энергетика вазирлиги Россиянинг “Русатом Энержи Прожект” (“Росатом”) ширкати билан ҳамкорликда мамлакат ҳудудида АЭС қуриши тўғрисида тарқалган хабарларга тушунтириш берди.
Вазирликнинг билдиришича, “Росатом” АЭСнинг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқади. Шундан сўнг Қирғизистон АЭС қуриш зарурати бор ёки йўқлиги тўғрисида қарор чиқаради.
“Қирғизистон томони “Росатом” таклиф қилган технологиялар, уларнинг хавфсизлигини текширади. Зарур бўлган кўп томонлама экспертизаларни ўтказади. Шу билан бир қаторда экологик хавфсизлик масаласига ҳам эътибор қаратилади. Шундан сўнг бу масала жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. АЭС қурилиши юзасидан қарор қабул қилишда халқнинг фикри эътиборга олинади”, дейилади вазирлик тушунтирувида.
22 ноябрда Энергетика вазирлиги “Росатом” билан ҳамкорлик шартномасини имзолагани хабар қилинган эди. Жорий йил бошида Энергетика вазирлиги Россиянинг “Росатом” ширкати билан биргаликда Қирғизистонда кичик АЭС қуриш бўйича меморандумни имзолагани айтилган эди. Ҳозирча бу лойиҳа ҳақида бошқа маълумотлар мавжуд эмас.
Ўзбекистон ҳам 2018 йил сентябрда Россия билан АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик келишувини имзолаганди. Унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуради. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган. Бу ҳудудда АЭС қурилиши учун тайёргарлик ишлари ҳам бошлаб юборилган эди.
2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган. Аммо бу ҳужжат ҳозиргача имзолангани йўқ.
“Ўзатом” бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовга ишонилса, АЭСнинг биринчи блоки 2028 йилда, иккинчиси эса 2030 йилда иш туширилади.