Жорий йилнинг биринчи ярмида Роскомнадзор Россия ҳудудида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 85 фоизга кўпроқ сайтга тўсиқ қўйган. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри хабар қилди.
Роскомнадзор маълумотига кўра, биринчи ярим йилликда унинг талаби билан 885 мингдан зиёд сайт ҳамда 1,1 миллионта алоҳида олинган материал блокировка қилинган.
Мазкур ташкилот россиялик расмийлар тақиқланган деб ҳисобловчи интернетдаги маълумотларни блокировка қилиш билан шуғулланади. Бунга оид қарорлар судлар, Бош прокуратура, Федерал солиқ хизмати, Ёшлар ишлар бўйича федерал агентлик ва бошқа муассасалар томонидан қабул қилинади. Улар россияликларнинг “экстремистик мазмундаги ахборот”, порнография, наркотиклар тўғрисидаги маълумотлар ва ўғринча контентга эришувини чеклашади.
Бундан ташқари, мазкур муассасалар рунет фойдаланувчиларига “хорижий агентлар” материаллари, ЛГБТ-ҳамжамиятга оид матнлар ҳамда Украина уруши ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги ҳисоботларига тўғри келмайдиган янгиликларни ўқишни тақиқлашга уринишади.
Цензура рекордлари яқин орада яна янгиланишини мумкин, чунки россиялик расмийлар блокировкаларни айланиб ўтиш хусусида маълумот тарқатаётган сайтларни ҳам тақиқлашни таклиф қилмоқда. VPN-сервисларнинг ўзларини эса Роскомнадзор анчадан буён блокировка қилиб келади. Лекин, “Коммерсантъ” томонидан сўралган экспертлар фикрича, фойдаланувчиларнинг VPNдан тўлалигича маҳрум бўлиши эҳтимоли кам.
Украина уруши бошидан бери Россияда юз минглаб сайт блокировка қилинган. Улар орасида Фейсбук, Инстаграм ва Твиттер каби ижтимоий тармоқлар, Озодлик радиоси дохил кўплаб мустақил ОАВ сайтлари бор. Блокировкаларни айланиб ўтиш учун фойдаланувчилар VPN-сервислардан фойдаланиб келишмоқда.