Қозоғистон “Роскосмос”га қарашли ширкат мулкларини ҳибс қилди

Қозоғистонда Россия космодромларининг асосий оператори бўлган “Ер устидаги коинот инфраструктурасини эксплуатация қилиш маркази” (ЕКИЭМ) мулклари ҳибс қилинди.

The Moscow Times газетасининг ёзишича, бунга марказ Қозоқ-рус қўшма корхонаси бўлган “Байтерек” ширкатига 13, 5 миллиард тенге ёки 2 миллиард рубль қарз бўлиб қолгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Қозоғистон Республикаси Суд приставлари хизмати ЕКИЭМга мамлакатдан ширкат активлари ва моддий бойликларини олиб чиқиб кетишни тақиқлади. Шунингдек, ширкат раҳбарига ҳам тергов якунлангунига қадар мамлакатни тарк этишга тақиқ қўйилди.

”Байтерек” қўшма корхонаси 2005 йилда коинотни ўзлаштириш дастури асосидаги ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида ташкил этилган эди. Жумладан, заҳарли гептил ёнилғисидан фойдаланадиган “Протон” ракеталари ўрнига экологик тоза ракеталарни ишлаб чиқариш режалаштирилганди.

Ҳамкорлик доирасида Қозоғистонда янги ракета учириш майдони қурилиши лозим эди. Лекин бу қурилиш кечиктирилмоқда.

KZ24 порталининг ёзишича, Қозоғистоннинг бундай кескин чора қўллашига “Роскосмос” раҳбари Юрий Борисовнинг коинот дастурига раҳбарлик қилаётган Қозоғистон алоқа вазири Бағдат Мусинни танқид қилгани сабаб бўлиши мумкин.

Борисов Қозоғистон учириш майдончаси қурилишини олти ой ортга сурганини танқид қилган эди. Мусин Борисовнинг танқидини “дипломатик бой бериш” деб баҳолаган.