Блинкен: АҚШ Россияга қарши ҳужумларни қўллаб-қувватламайди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Украинага Россия агрессиясига қарши курашда имконияти борича ёрдам кўрсатади, бироқ Россиянинг ҳудудларига ҳужум қилинишини қўлламайди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 декабрда маълум қилди.

Блинкен Россиянинг Саратов, Рязан ва Курскдаги авиабазаларига дронлар билан ҳужум қилинишида Киевнинг қўли борлиги тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлгани ортидан мана шундай баёнот берди. Киевнинг ўзи бу ҳужумларга алоқадор эканлигини тасдиқлаган эмас.

“Биз украиналикларга Россия ҳудудларига ҳужум қилиш учун шароит яратиб берганимиз ёки уларни бу ишга рағбатлантирганимиз йўқ. Бироқ Россия агрессияси ортидан украиналиклар ҳар куни оғир аҳволда қолаётганини ҳам тушунишимиз лозим”, - деди Блинкен.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Украинага олис масофаларга отилувчи ракета комлексларини етказиб бермаслигини билдирган эди.

6 декабрда Россиянинг Курск вилоятидаги, 5 декабрда эса Саратов ва Рязандаги аэродромларга дронлардан ҳужум қилинган эди. Бунинг ортидан Курскдаги нефть тўпловчи омборхона ёнгани, Саратов ва Рязанда бир неча ҳарбий самолётларга жиддий бўлмаган зарар етказилгани хабар қилинган. Россия ҳужумларда Украинани айблади. Украина бу борада расмий муносабат билдирмади.