Аргентина ҳукумати “Спутник V” вакцинасининг янги партияси етказиб берилишига эришиш мақсадида Россия билан қизғин музокаралар олиб бормоқда. Аммо вакцина қачон, қанча миқдорда етказиб берилиши номаълум, деб ёзди Аргентинанинг La Nacion газетаси.
Кўплаб аргентиналиклар “Спутник V”нинг биринчи компоненти билан жорий йилнинг март-апрель ойларидаёқ эмланган, бироқ улар ҳанузгача такрор эмланган эмас. Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди бу масалада изоҳ беришдан бош тортган.
Июнь ойи ўрталарида мамлакатга вакцинанинг биринчи компонентидан қарийб 7,9 миллион доза, иккинчисидан эса 1,5 миллион дозадан ортиқ, яъни тахминан беш баравар кам келтирилган эди. Аргентина ҳукумати биринчи ва иккинчи компонентлар билан эмлаш оралиқ даврини 12 ҳафтагача узайтириб бўлди.
“Биз Россиядан иккинчи дозани юборишни илтимос қиламиз, чунки кўплаб фуқароларимизнинг биринчи дозани олганига 12 ҳафта бўлай деб қолди”, деган La Nacion нашрининг соғлиқни сақлаш тизимидаги манбаси.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча хавотирланишга ҳеч бир сабаб йўқ, чунки “Спутник V” биринчи компонентидаёқ 78,6 фоиз самарадорлик қайд этиб, касалликнинг оғир кечиши ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга ёрдам бермоқда.
Аргентина сотиб олаётган вакциналардан фақатгина “Спутник V” икки компонентли препарат саналади. Россия вакцинасининг илк партияси 2020 йил декабрида Аргентинага келтирилган.
La Nacion манбасига кўра, июнь ойи охирида 70 минг киши иккинчи дозани олиши керак. Аргентина президенти маъмурияти Россия вакцина ишлаб чиқаришни кўпайтиришда қийинчиликларга дуч келаётганини, шу боис ҳукумат “Спутник V”нинг янги партиялари кечикишидан ташвишда эканини айтган.
Аргентина, шунингдек, Мексика ҳукуматлари май ойида ҳам “Спутник V” вакцинасининг иккинчи дозаси етишмаётганини билдирган эди. Bloomberg агентлиги “Россия сайёрамиз аҳолисининг ўндан бир қисмига вакцина етказиб беришга ваъда берган бўлишига қарамай, ташқи бозорлар сурункали танқисликни бошидан кечирмоқда”, дея қайд этган.