Қорақалпоғистоннинг Амударё туман суди Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган, бироқ жанговар тайёргарликни тамомлагач, ҳарбий лагердан қочиб, Ўзбекистонга қайтган фуқаронинг озодлигини 3 йилга чеклаш ҳақида ҳукм чиқарган.
Газета.uz нашри қайдича, суд ҳукми 24 июнь кунида чиққан бўлишига қарамай, бу ҳақда жамоатчиликка эндигина маълум бўлган.
Маълумотларга кўра, 23 ёшли йигит 2023 йил декабрь ойида Россияга ишлаш учун кетган. У Москвада турли қурилиш майдонларида ишлаган, кейин тунги клубда буфетчи бўлган, бироқ маоши оила харажатларига етмаган.
Жорий йилнинг 5 февраль куни у Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолашга қарор қилган. Шартномага мувофиқ, у Украина урушида қатнашгани учун бир марталик 195 минг рубль (тахминан 27,9 миллион сўм), сўнгра ВТБ банк картасига ойига 240 минг рублдан (34,3 миллион сўм) олиши керак бўлган.
У 24 нафар россиялик, ўзбекистонлик ва тожикистонлик билан биргаликда Москва вилоятидаги “Авангард” ҳарбий лагерида махсус жанговар тайёргарликдан ўтиб, оддий аскар ва ўқчи лавозимини эгаллаган. Бироқ йигит Украина урушида оёғидан жароҳат олган зобит ҳикоясини эшитиб, қўрқиб кетган ва отаси касал эканини айтиб, қисқа муддатга хизматдан бўшатишни сўраган. Шундан сўнг у Ўзбекистоннинг Москвадаги дипломатлари ёрдамида Ўзбекистонга қочиб кетган.
Суд йигитнинг қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги, муқаддам судланмагани ва жанговар ҳаракатларда қатнашмаганини ҳисобга олиб, унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлаган. Ҳукмга мувофиқ, унинг кечки соат 21:00 дан эрталабки 06:00 гача уйидан чиқиш тақиқланган.
Бу Украина урушида қатнашиш учун Россия армияси билан шартнома имзолаган шахснинг Ўзбекистон суди томонидан жазога тортилиши бўйича иккинчи ҳолатдир. Аввалроқ Озодлик Россиянинг “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкати сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошевга нисбатан Оҳангарон туман суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани ҳақида хабар қилган эди.