Россия томони Ўзбекистон билан атом энергетикаси бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон ва РФ ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 2 декабрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида билдирган.
Мишустинга кўра, атом энергетикаси бўйича ҳамкорлик бўйича энг йирик лойиҳа Россия дизайнига кўра атом электр станциясини биргаликда қуриш бўлиши керак. Бу борада “эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини тезлаштириш зарур”, деган М. Мишустин.
Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида келишув Тошкент ва Москва расмийлари томонидан 2018 йил сентябрида имзолаган бўлиб, унга кўра, “Росатом” ВВЭР-1200 реактор қурилмасига эга “3+” авлоддаги иккита энергоблокдан иборат мажмуа қуриши айтилган. Станция Ўзбекистон бюджет маблағи ва Россия давлат кредити ҳисобидан қурилиши режалаштирилган.
Энергетика вазирлиги АЭС блоклари 2030 йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг 15-18 фоизини қоплашига ваъда берган. Йирик иншоот қурилиши учун мақбул жой сифатида Жиззах вилояти Тузкон кўли яқинидаги майдон танланган.
АЭС қурилиши борасида хабарлар пайдо бўлган илк кезларданоқ жамоатчилик ва ижтимоий фаоллар лойиҳанинг нечоғли экологик хавфсиз ва сейсмик бардошли эканини муҳокама қила бошлашган. Станция қурилишида ҳамкор ўлароқ Россия танлангани ҳам қатор эътирозли саволлар туғдирган.
Жамоатчилик мурожаатларига жавобан 2021 йил ноябрь ойида ўша пайтдаги ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов АЭС қурилиши шаффофлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилаётгани, нафақат Ўзбекистон жамоатчилиги, балки қўшни давлатлар муносабати ҳам ўрганилишига ишонтирган.
2019 йил октябрь ойида “Росатом” бош директори Алексей Лихачев корпорация йил охиригача Ўзбекистонда АЭС қуриш бўйича асосий шартнома имзоланишини айтган, аммо бу ҳужжат имзолангани ҳақида ҳалигача бирор расмий маълумот берилган эмас.
Шу йилнинг июнь ойида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон Россиянинг “Росатом” корпорацияси билан АЭС қуриш харажатларини мақбуллаштириш бўйича музокара олиб бораётганини билдирган. Ўшанда мулозим Россия томонидан таклиф этилаётган лойиҳа қиймати юқори эканига эътибор қаратган эди.