Давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишларда мамлакат Жиноят кодексининг Россия армиясига оид фейклар дохил қатор моддалари бўйича судланганларнинг мол-мулкини мусодара этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини бир овоздан қабул қилган.
Қонун лойиҳасида бир неча модда санаб ўтилган. Фейклардан ташқари, улар орасида дезертирлик, буйруқни бажармаслик ва исталмаган ташкилот фаолиятида иштирок этиш кабилар бор. Бу моддаларнинг аксарияти Жиноят кодексига Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан кейин қўшилган.
Қонун лойиҳасида мазкур моддалар бўйича судланувчиларни фахрий унвонлардан маҳрум қилиш ҳам кўзда тутилган.
Давлат думаси раиси Вячеслав Володинга кўра, қабул қилинган қарор “ўз мамлакатига қарши фаолият олиб бораётганларни жазолаш - бу муттаҳамларни фахрий унвонлардан маҳрум қилиш ҳамда уларнинг мол-мулки, пули ва бошқа қимматбахо ашёларини мусодара этишга имкон беради”.
Аввалроқ Россия либерал-демократик партиясидан (ЛДПР) депутат Андрей Луговой ҳам шу мазмунда мулоҳаза билдирган. “Ватанга зарар етказишга уринган ҳар бир кас ҳамма нарсасидан ажралади ва мамлакатимиз ташқарисида итдай хор бўлиб ўлиб кетади”, дея тушунтирган у қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятини.
Эндиликда қонун лойиҳаси Федерация кенгаши (Россия парламентининг юқори палатаси) томонидан тасдиқланиши ва мамлакат президенти томонидан имзоланиши лозим.
Россияда судлар Украина уруши ҳақида мамлакат Мудофаа вазирлиги талқинига мос келмайдиган ҳар қанақа маълумотни фейк, деб тан олишади.
“ОВД-Инфо” лойиҳаси ҳисоб-китобига кўра, Россияда урушга қарши позицияда бўлган камида 830 кишига нисбатан жиноят иши очилган, бу ишлардан камида 250 таси Россия армиясига оид фейклар тўғрисидаги модда бўйичадир.