Россияда апрель ойида туғилиш кўрсаткичи 1943-1944 йиллар даражасигача тушиб кетди

Россияда туғилишнинг озайишига аҳоли даромадларининг камайиб кетиши ва келажакка ишончнинг йўқлиги асосий сабаб бўлмоқда.

Жорий йил апрелида туғилганлар сони илк маротаба 1943-1944 йилдаги кўрсаткичдан кам бўлди. Бу ҳақда демограф Алексей Ракша “Вёрстка.Медиа” нашрига маълум қилди. Демографнинг айтишича, уруш бўлмаган даврларни ҳисобга олганда, апрелдаги туғилиш кўрсаткичи XVIII асрнинг охирларидаги кўрсаткичдан ҳам паст бўлган.

Ракша халқаро миқёсда туғилишнинг озайиши сабабларидан бири коронавирус пандемияси эканини таъкидлади. Унга кўра, Европада 2022 йилнинг январидан бошлаб туғилишлар сони озайгани кузатилади. Демограф Россияда туғилишнинг озайишига аҳоли даромадларининг камайиб кетиши ва келажакка ишончнинг йўқлиги асосий сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди.

Алексей Ракшанинг билдиришича, кейинги икки йил давомида Россияда туғилишлар сони яна 10 фоизга озайиши ва сўнги 250 йил ичидаги энг паст кўрсаткични ташкил қилиши мумкин.

Демограф Россиянинг Украинага бостириб кириши ўлимларнинг кўпайиши ва туғилишнинг озайишига сезиларли даражада таъсир кўрсатмайди, деб ҳисоблайди. “Уруш фақат мамлакат ичида олиб борилган тақдирдагина демографик вазият сезиларли даражада ўзгариши мумкин”,-деди у.

Ракшанинг айтишича, Донбасс ва Россия босиб олган бошқа ҳудудларда аҳолига рус паспортларининг мажбурий тарзда берилаётгани ҳам мамлакат демографик вазиятига таъсир кўрсата олмайди.