Россия ФХХ Кемеровода “Украина нацистлари тарафдори” бўлган “диверсант” қўлга олинганини иддао қилди

Иллюстратив сурат.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати - ФХХ Кемеровода гўёки “Украина нацистлари тарафдори” бўлган “диверсант” қўлга олинганини иддао қилди. Расман билдирилишича, Россия фуқароси бўлган “диверсант” иккита электр узатиш линиясининг ишдан чиқарилишига алоқадор бўлган.

Хабарда айтилишича, линияларнинг ишдан чиқарилиши оқибатида Кемеровода электр таъминотида вақтинчалик узилишлар юзага келган.

ФХХ қўлга олинган шахснинг уйидан симёғочларнинг мустаҳкамлигини таъминловчи болтлар, канистрага қуйилган бензин, иккита пневматик тўппонча ва иккита жанговар ҳанжар топганини иддао қилди. ФХХга кўра, қўлга олинган шахс кундалик тутган ва унга тайёрланаётган диверсиялар тўғрисидаги маълумотларни ёзиб борган.

“Интерфакс”нинг хабар беришича,қўлга олинган шахс ўз айбини тан олган ва ҳарбий комиссариатга ўт қўйишни режалаштирганини ҳам айтиб берган

Мазкур шахсга нисбатан “Мулкни атайлабдан йўқ қилиш ёки зарар етказиш” ва “Диверсия” моддалари асосида жиноят иши очилган.