Россия Тергов қўмитаси "Эхо Москви" радиостанцияси бош муҳаррир ўринбосари Татьяна Фельгенгауэрнинг ҳаётига қасд қилиш тўғрисида жиноят иши қўзғади. Россия Ички ишлар вазирлигида жиноят "шахсий ғараз" асосида амалга оширилган, деб ҳисобламоқдалар. Свобода радиосининг хабар қилишича, полиция барча версияларни кўриб чиқишга ваъда берган.
"Эхо Москви" радиостанцияси таҳририятида бош муҳаррир ўринбосари Татьяна Фельгенгауэр яраланди. Номаълум шахс таҳририят биносига бостириб кириб, журналистга пичоқ билан ҳужум қилди. Пичоқ журналистнинг бўйнига санчилган. Фельгенгауэр касалхонага ётқизилди. Унга катетер қўйилди.
Врачларга кўра, журналист сунъий кома ҳолатига туширилган ва эртагача шу ҳолатда бўлади. Аҳволи оғир, лекин ҳаёти хавф остида эмас. Ҳужум қилган шахс ушланган.
Таҳирият биносида полиция ишламоқда. Бу ҳақда "Эхо Москви" бош муҳаррири Алексей Венедиктов хабар қилди. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, ҳужум қилган шахснинг бир шериги ҳам бўлган. Улар бинога кираверишдаги қўриқчининг юзига газ сочиб кириб олган ва шундан сўнг 14- қаватга чиқиб, журналистнинг бўйнига пичоқ урган.