Россия парламентининг юқори палатаси президент сайлови санасини 2024 йилнинг 17 мартига белгилади. Россия ахборот агентликлари хабарига кўра, мазкур ҳужжат Федерация кенгаши томонидан 7 декабрь куни қабул қилинган.
Овоз бериш санаси аслида федерал қонун билан белгиланади, бироқ сенаторлар қабул қилган ҳужжат билан сайловолди кампаниясига расман старт берилади.
Аввалроқ Россия Коммунистик партияси лидери Геннадий Зюганов ва бошқа манбалар маҳаллий нашрларга мазкур ҳужжат 13 декабрь куни очиқланиши тахмин қилинаётганини айтган.
Шу пайтгача Россия президенти сайловида номзод ўлароқ иштирок этиш ниятини КПРФ раҳбари Геннадий Зюганов, Давлат думаси собиқ депутати Борис Надеждин, Донецкдаги айирмачиларнинг айни пайтда тергов ҳибсхонасида ўтирган собиқ ҳарбий лидери Игорь Стрелков (Гиркин), ржевлик журналист Екатерина Дунцовалар билдиришган. “Новие люди” партияси ҳам, партия матбуот хизмати хабарномасига кўра, президентликка ўз номзодини кўрсатмоқчи.
Россия конституциясига 2020 йилда киритилган ўзгартишлар амалдаги президент Владимир Путинга бешинчи муддатга ўз номзодини кўрсатиш имконини беради. Аввалроқ Путин бунга оид режасини сайлов санаси расман белгиланганидан кейин эълон қилишини билдирган.
Олдинроқ Россия нашрлари ва жаҳон хабар агентликлари Президент администрациясидаги манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда, Путин сайловда ўз номзодини қўйиши ва Кремль унинг осонлик билан ғалаба қозонишига умид қилаётгани ҳақида ёзиб чиқишган. «Медуза» ва «Вёрстка» нашрлари маълумотига кўра, амалдорлар олдига президент учун 80 фоиздан кўпроқ овозни таъминлаш вазифаси қўйилган.
Путин номзоди парламентга кирган «Единая Россия» ва «Справедливая Россия» каби партияларнинг сайловолди қурултойларида дастакланиши кутилмоқда. Бироқ, «Коммерсантъ» нашрига кўра, Путин ўз номзодини ўзи ҳам кўрсатиши мумкин.