Россиялик қатор бизнесменлар ва таниқли шахслар Украина босқини ортидан Қирғизистон фуқаролигини қабул қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги фармонига таянган ҳолда The Moscow Times хабар берди. Мазкур фармонни президент Садир Жапаров ўтган йили имзолаган эди.
Transparency International халқаро ташкилоти россияликларга Қирғизистон фуқаролигининг берилишида коррупция аломатлари бор деб ҳисоблайди, деб ёзди Озодлик радиоси қирғиз хизмати.
«Москвада яшовчилар Қирғизистон паспортларини олишга интилмоқда. Президентнинг фуқароликка қабул қилиш тўғрисидаги сўнгги фармонида пойтахтнинг беш юз яшовчиси ва Россиянинг бошқа ҳудудларида яшовчи яна шунча кишининг исм шарифи қайд этилган», ‒ деб ёзди The Moscow Times.
Нашр фармонда келтирилган маълумотларни таҳлил қилди. Натижада фуқаролик олганлар орасида Тверь вилоятининг собиқ губернатори Дмитрий Зеленин, Россия ҳукуматининг олий суд инстанцияларидаги махсус вакили Михаил Баршчевскийнинг қизи Наталия Баршчевская, Bitzlato криптобиржаси асосчиси Антон Шкуренко, «Ароматний мир» ширкати эгаси Валерий Задориннинг ўғиллари Александр ва Михаил борлиги аниқланди.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати москвалик молиячи Михаил Жуховицкий ижтимоий тармоқда қолдирган постга эътибор қаратди. 2022 йилнинг 22 ноябридан бери Бишкекда яшаётган молиячи фейсбук саҳифасида дўстларига «Қирғизистондан иккинчи паспортни олишга кўмаклашгани» тўғрисида ёзган. Жуховицкий ўз постида Қирғизистон паспорти визасиз равишда Туркияга чиқиш ва кейин Европа Иттифоқига кетиш учун замин эканини қайд этган.