Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 17 июль куни Қора денгиз келишувларининг амал қилиши феълан тўхтатилганини билдирди. Песковга кўра, бунга Москва талаб қилган шартлар бажарилмагани сабаб бўлган.
“Россия қўйган талаблар қисми бажарилиши билан Россия томони мазкур битим шартларини амалга оширишга зудлик билан қайтади”, деган Кремль матбуот котиби
Россия “битим муддатини узайтиришга қарши эътирозлари ҳақида” БМТ котибияти, Туркия ва Украинани огоҳлантирган, дея маълум қилди Россия ТИВ вакиласи Мария Захарова.
Россия босқини бошланиши билан тўхтаб қолган Украина портларидан ғалла олиб чиқиб кетиш битими ўтган йилнинг июль ойида БМТ ва Туркия кўмагида тузилган эди. Мазкур битим муддати бир неча бор (сўнгги марта 17 май куни икки ойга) узайтирилган.
Ғалла битимини узайтириш учун Россия олға сураётган шартлардан бири “Россельхозбанк”нинг SWIFT банклараро тўлов тизимига уланишидир – банк тизимдан санкциялар туфайли узиб қўйилган эди. Шунингдек, Москва Украина орқали Европага аммиак етказиб бериш йўлидаги тўсиқлар олиб ташланишини талаб қилмоқда.
Июнь ойи бошида Украина Россияни яна ғалла ташаббусини тўхтатиб қўйишда айблаб чиққан. Киев Россия томони Украинанинг барча портларида кемалар қайдини тўхтатиб қўйганини иддао қилиб, бу хатти-ҳаракатларни келишувларнинг “қўпол равишда бузилиши” деб атаган.
Сўнгги пайтларда БМТ ва Туркия ғалла битими муддатини узайтириш устида иш олиб бораётгани ҳақида маълумотлар келиб тушаётганди. Анқара ва БМТ Украина портларидан ғалла олиб чиқилишининг тўхтатилиши жаҳон озиқ-овқат бозорида беқарорлашувни келтириб чиқариши ва қашшоқ мамлакатларда очликка сабаб бўлиши мумкинлигини билдириб, Москвани битим муддатини узайтиришга чақириб келишган.