Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Россия гази Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит қилиниши мумкинлигини билдирди. У бу ҳақда ҳукумат йиғилишидан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб бераётганда гапирди.
Tengrinews.kz нашрининг 16 май куни хабар беришича, вазир: “Айни пайтда Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш масаласи муҳокама этилмоқда. Музокаралар ўта конструктив тарзда ўтмоқда”,-деб айтган.
2022 йилда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истаги Россия президенти Владимир Путин томонидан қозоқ президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган эди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2022 йилнинг 7 декабрида журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.
Аммо Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2023 йилнинг апрелида Самарқандга қилган ташрифи чоғида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ иттифоқи муҳокамасида илгарилаш кузатилаётгани ҳақида билдирганди.
“Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон, жумладан, президентлар даражасида бу кўламли лойиҳани муҳокама қилишда фаол илгарилади”, - деб айтган Лавров.
Озодлик радиоси ўтган куз ва қиш мавсумида Ўзбекистонда юз берган энергетик инқироз ҳақида кўплаб хабарларни ҳамда ўзбек газини оффшордаги ширкатлар воситасида хорижга сув текинга пуллангани тўғрисидаги журналистик суриштирувини эълон қилган.