Қозоғистон 2024 йил куз-қишида Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишга тайёр бўлади

Иллюстратив сурат.

Қозоғистон инфраструктураси 2024 йилнинг куз-қиш мавсумидагина Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишга тайёр бўлади. Zakon.kz нашрининг ёзишича, бу ҳақда 2 июнь куни қозоқ парламентида ўтган газ соҳасига бағишланган йиғилишда энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди.

Вазир Ўзбекистон ва “Газпром” ўртасида газ экспорти ҳажми ва нархи юзасидан музокаралар давом этаётганини таъкидлади.

“Бу музокаралар якунланганидан сўнг биз ўз инфраструктурамизни тақдим этамиз. Кейинги йилнинг куз-қиш мавсумида инфраструктура тайёр бўлади. Биз бу транзитдан ва транзит учун ҳақ олишдан манфаатдормиз. Умуман олганда бу Марказий Осиё минтақасининг энергетик таъминотини яхшилайди”, -деди Алмасадам Саткалиев.

Вазир депутатларнинг “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама газ иттифоқи тузиладими?”, деган саволларини жавобсиз қолдирди.

2022 йилда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истаги Россия президенти Владимир Путин томонидан қозоқ президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган эди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2022 йилнинг 7 декабрида журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.

Аммо Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 2023 йилнинг апрелида Самарқандга қилган ташрифи чоғида Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ иттифоқи муҳокамасида илгарилаш кузатилаётгани ҳақида билдирганди.

“Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон, жумладан, президентлар даражасида бу кўламли лойиҳани муҳокама қилишда фаол илгарилади”, - деб айтган Лавров.

Озодлик радиоси ўтган куз ва қиш мавсумида Ўзбекистонда юз берган энергетик инқироз ҳақида кўплаб хабарларни ҳамда ўзбек газини оффшордаги ширкатлар воситасида хорижга сув текинга пуллангани тўғрисидаги журналистик суриштирувини эълон қилган.