Россия ҳарбийлари хатолик билан Белгород яқинидаги мактабда авиабомба тушириб юборишди

Иллюстратив сурат

Россиялик ҳарбийлар Белгород вилоятидаги Биковка қишлоғида жойлашган мактаб биносига тасодифан 250 килограммли авиабомбани тушириб юборишди. Бу ҳақда Биковка қишлоғи турғунлари маҳаллий “Пепел” телеграм-каналига маълум қилишган.

Гувоҳларга кўра, бомба мактабга 19 ноябрь куни эрталабки соат олтилар тушиб кетган. Ўша пайтда бинода бирор кимса бўлмагани учун ҳеч кимга зарар етган эмас.

Astra нашри бомба мактаб биноси томини тешиб тушгани ва ҳозир учинчи қаватдаги кабинетлардан бирида экани ҳақида хабар қилган. Ҳодиса ортидан бино деворида ёриқ пайдо бўлган.

“Агентство” нашри бу борада мактаб маъмуриятидан изоҳ ололмаган, бироқ, ўқитувчилардан бирининг сўзларига кўра, унга сабабларини айтмасдан дарс машғулотини масофали тарзда ўтиб туриш буюрилган.

Astra нашрининг хабар қилишича, ФАБ-250 русумли яна бир авиабомба 15 ноябрь куни Шебекино шаҳар округидаги Белий Колодезь қишлоғидан 1,5 километр нарига тушган. У ерда ҳам ҳеч ким жабрланмагани айтилмоқда.

Astra ҳисоб-китобига кўра, 2024 йилда россиялик ҳарбийлар Россия ҳамда Украинанинг ишғол этилган ҳудудларида камида 150 та авиабомбани режаланмаган тарзда тушириб юборишган. Улар орасида энг кўп ФАБ-250 ва ФАБ-500 авиабомбалари тушиб кетгани қайд этилган. Одатда қўққисдан тушиб кетган тақдирда бу бомбалар портламайди ва уларни йўқ қилиш билан махсус кишилар шуғулланади. Бу каби бошқарилувчи авиабомбалар Россия Қуролли кучлари томонидан кўпроқ Украинанинг Донецк ва Харьков вилоятларига зарба беришда қўлланилади.