Россия парламенти хорижликларга таксичилик билан шуғулланишни тақиқловчи қонун лойиҳаси устида ишламоқда. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги қонун қабул қилинса, хориж ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга Россия гражданларига ҳам автомобиль бошқариш тақиқланиши мумкин.
Россия Давлат Думаси чет эл гражданларига Россия ҳудудида такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни тақиқловчи қонун устида иш олиб бормоқда.
Бу ҳақда Газета.ру нашрига берган интервьюсида хабар қилган парламентнинг Транспорт ва қурилиш бўйича қўмитаси раҳбари Евгений Москвичёв мазкур лойиҳа юзасидан жамоатчилик ва мутахассислар фикрлари жамланаётганини билдирди.
- Бизда хорижликларга Россияда енгил таксиларда ҳайдовчилик қилишни ман этиш тўғрисида таклиф пайдо бўлди, чунки бунга жуда эркинлик бериб юборилди, машинанинг қаерда экани ва ҳоказо хулосалар келиб чиқаяпти. Бу ҳақда жиддий мулоҳаза юритаяпмиз, деди Москвичёв қўмита йиғилишида қилган чиқишида.
Айни дамда, йўловчи транспорт соҳаси мутахассислари ва юристлар хорижликларга транспорт бошқаришни ман этиш оддий инсон ҳақлари бузилиши ўлароқ баҳоланишидан огоҳлантирмоқда.
Қўмита депутатлари мигрантлар ҳаётини янада мураккаблаштириш устида бош қотираётган бир пайтда,сенатор Ахмат Салпагаров 20 сентябрь куни Думага хорижликларга чет элда берилган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан ҳар қандай меҳнат фаолияти билан шуғулланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини муҳокамага киритди.
Қонун лойиҳасида хорижда берилган миллий ва ҳатто халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари билан таксичилик ёки бошқа меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ман этилиши кўзда тутилган.
Унда Россия ҳайдовчилик гувоҳномаларига ўтишга ярим йиллик муҳлат ҳам берилиши қайд этиб ўтилгани маълум бўлди.
Бу ўзгартишлар “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 25- моддасига киритилиши белгиланган. Гап шундаки, яқинда бу моддага хориж гувоҳномаларига эга ҳайдовчиларга машина бошқаришни тақиқловчи янгилик киритилганди.
Бироқ, Россия билан қўшни бўлган, айниқса, у билан “ҳамкорлик” шартномаларини имзолаган давлатлар норозилиги туфайли Қирғизистон ва Беларус гражданлари “қора” рўйхатдан чиқарилган эди.
Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, Россия билан йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида халқаро шартнома тузган давлатлар гражданларигина миллий гувоҳномаларини Россия автоиспекцияларида алмаштириб олиши мумкин.
Жорий йилнинг январь-июнь ойлари оралиғида 10 мингга яқин ўзбекистонлик Россия ватандошлигини қабул қилди. Полиция гражданликка янги қабул қилинганлар 6 ой давомида миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириб олишларини қонунийлаштирмоқчи эканини ҳам маълум қилди.
Лойиҳа ташаббусчилари ўзгартишлар Россияда йўл ҳаракати хавфсизлигини оширади ва автотранспорт хизмати сифатини оширади, демоқда.
Олдинроқ Озодлик Давлат Думаси ва минтақавий парламентлар Россияда кўплаб соҳаларда меҳнат мигрантларини қайдга туриши ва фаолият юритишига чекловлар қўяётгани борасида хабар берган эди.
Россия ГИБДДси маълумотича, шу кунда биргина Москвада 30-40% такси ҳайдовчиларида хориж гувоҳномалари мавжуд.
Мазкур ҳайдовчилар асосан Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Беларусдан экани ҳам қўшимча қилинди. Россия Ички ишлар вазирлиги келтираётган статистика рақамларига кўра, 2018 йилнинг биринчи 7 ойи давомида хорижлик ҳайдовчи гувоҳномаларига эгалар томонидан 5 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилганки, у Москвада жами ҳодисаларнинг 21 фоизини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 16 июнь куни чарчоқдан ухлаб қолган қирғизистонлик 28 яшар Чингиз Анарбек ўғли Москва марказида 8 нафар йўловчи, жумладан мексикалик футбол ишқибозларини автомашинасида босиб кетгани катта шов-шувни келтириб чиқарган эди.
9 сентябрь тонгида 11 кишини ўзининг таксисида қасддан босиб кетганликда айбланиб асли қирғизистонлик Бекжан Сарбишев ҳисбга олинганди.