Россиядаги 20 дан ортиқ ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ва демократик ҳаракатлар рус ҳарбийларини Украинадаги урушда иштирок этишдан бош тортишга ёки асирга тушиш жиноят ҳисобланадиган қонун кучга киргунигача асир тушишга чақирди. Мурожаат сешанба куни “Весна” ҳаракати сайтида эълон қилинди.
“Ҳозиргина Дума шошилинч равишда Жиноят Кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Мазкур қонунга асосан, бундан буён ихтиёрий равишда асирга тушиш, ҳарбий қисмни рухсатсиз тарк этиш ва буйруқни бажармаслик жиноят ҳисобланади.21 сентябрь куни қонунни Федерация кенгаши тасдиқлайди ва кўп эҳтимол билан шу куниёқ у Путинга имзолаш учун тақдим этилади. Шундан сўнг қонун кучга киради. Бу қонун “махсус амалиёт”да иштирок этишни истамаётган ҳарбийларнинг вазиятини кескин ўзгартиради”,-дейилади мурожаатда.
20 сентябрда давлат думаси иккинчи ва учинчи ўқишда шошилинч равишда Жиноят Кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Унга асосан, ихтиёрий равишда асирга тушган аскарлар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилади.