Россия Федерацияси таркибига кирувчи Удмуртия республикасининг Ижевск шаҳрида 26 сентябрь куни номаълум шахс қўлида иккита тўппонча билан 88-сонли мактабга бостириб кириб, болаларга қарата ўт очган.
Россия Тергов қўмитаси маълумотига кўра, отишма чоғида етти нафар ёш бола дохил 13 киши нобуд бўлган, 20 чоғли одам тан жароҳати олган. Мактабдаги қўриқчи, ўқитувчи ва ўқувчиларни ўққа тутган ҳужумчининг ўзи ҳам ўша ерда жонига қасд қилган.
Кейинроқ маҳаллий расмийлар мазкур ҳужумни шу мактаб битирувчиси бўлган, 1988 йилда туғилган Артём Казанцев амалга оширгани ҳақида маълум қилишган. Ҳужум пайтида унинг кийимида нацистик рамзлар бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда Казанцевнинг уйида тинтув ўтказиляпти.
Ҳодиса муносабати билан Удмуртияда уч кун мотам тутилиши эълон қилинган.