Россиянинг Иркутск вилояти Черемхово туманида Ту-22М3 бомбардимончи учоғи ҳалокатга учради. Бу ҳақда “112” телеграм-канали ва ТАСС агентлиги Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Вазирлик бомбардимончи учоқ режадаги парвозни амалга ошириш чоғида қулаганини билдирган. Дастлабки маълумотларга кўра, авиаҳалокатга техник носозлик сабаб бўлган. “Ту-22М3 кимсасиз жойга қулаб тушган, учоқ қулаган ерда вайронгарлик йўқ, экипаж эса омон қолган”, дея билдиришган россиялик ҳарбийлар.
Михайловка қишлоғи турғунлари “Осторожно, новости”га учоқ аҳоли пункти яқинида қулагани, қулаш олдидан у ёна бошлаганини айтиб беришган.
Mash телеграм-канали маълумотига кўра, бомбардимончи учоқ бортида тўрт нафар экипаж аъзоси бўлган ва у “Белая” ҳаво базасидан парвоз қилган.
“Бир неча дақиқадан сўнг тизим чап двигатель ишдан чиққанини кўрсатган, у ёна бошлаган. Экипаж учоқни Михайловка қишлоғи томон ҳайдаган, у ерда ёнғин бошланган”, дейилган хабарда.
Кейинроқ канал қутқарувчилар экипажнинг уч аъзоси жойини аниқлашгани ҳақида хабар қилган. Экипажнинг тўртинчи аъзосини қидириш ишлари давом этаётгани, аввалроқ у алоқага чиқиб, оёғини синдириб олганини маълум қилгани айтилган.
Кейинроқ Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев Россия Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда қулаган Ту-22М3 учоғи пилотларидан бирининг ҳаётини сақлаш қолишга муваффақ бўлинмагани, у вафот этганини маълум қилган.
2024 йилнинг апрель ойида Ставрополь ўлкасида Ту-22М3 бомбардимончи учоғи ҳалокатга учраган эди. Ўшанда Россия Мудофаа вазирлиги ҳодиса учоқ “жанговар вазифани бажарганидан сўнг” ортга қайтаётган пайтда содир бўлганини билдирган. Ўша пайтда экипажнинг уч аъзоси омон қолиб, бири ҳалок бўлган эди. Украина Қуролли кучлари учоқ украиналик ҳарбийлар томонидан уриб туширилганини билдиришган.