Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йилги “Келажак ўйинлари”ни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди. У бу таклифни 21 февралда Қозонда “Келажак ўйинлари”нинг очилиш маросимида билдирди.
Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, “Келажак ўйинлари” биринчи халқаро мультиспорт мусобақасининг тантанали очилиш маросимида Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва бошқа хорижий меҳмонлар ҳам қатнашди.
Россияда илк бор ташкил этилаётган “Келажак ўйинлари" 21 февраль – 3 март кунлари бўлиб ўтади. Тадбирда 107 та мамлакатдан 227 та жамоа, жумладан, Ўзбекистон спортчилари иштирок этади.
Таҳлилчилар фикрича, Украина босқинидан сўнг халқаро санкциялар ва босим остида қолган Россия бу ўйинни Париж олимпиадасига муқобил тарзда ўтказмоқда. Бу ўйинларда МДҲ ва БРИКСга аъзо давлатлар, Жануби-Шарқий Осиё, Лотин Америкаси ва Африка мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этади.