Россиянинг Красноярск ўлкасида Тергов қўмитаси ва ҳарбий комиссариат ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги рейд чоғида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан бўлган 229 нафар меҳнат мигранти қўлга олинган. “Сибирский Экспресс” нашри хабарига кўра, улардан федерал базага киритиш учун “геном маълумоти материали олинган”.
Қайд этилишича, куч ишлатар тузилмалари ходимлари Красноярскдаги йирик супермаркетлар тармоғининг тақсимот маркази, ёғочни қайта ишлаш базаси ва саноат-логистика мажмуасида текширув ўтказишган.
“Буларнинг барчасида миграция қонунчилигининг жиддий бузилиши ҳолатлари аниқланган”, дея билдиришган полиция ходимлари. Сохта қайдга қўйиш, ноқонуний мигрантларга тураржой ёки транспорт воситасининг берилиши, маълумот тақдим этишдан бўйин товлаш ёки иммигрант мақомини аниқлаш чоғида нотўғри маълумотлар тақдим этиш кабилар шулар жумласидандир.
“Крокус Сити Холл”даги террор хуружи ортидан Россия расмийлари мамлакатга мигрантлар келиши тартиби ва шартларини кучайтира бошлашган. 2024 йил августида президент Путин ИИВ ходимларига хорижлик фуқароларни Россия ҳудудидан мустақил равишда чиқариб юбориш ҳуқуқини берувчи қонунни имзолаган. Мазкур қонун 2025 йил февралидан кучга киради.
Бундан ташқари, Россияда мамлакатда ноқонуний равишда юрган чет элликлар реестри тузилмоқда. Реестрга киритилганидан кейин мигрантлар транспорт воситаларини бошқариш, банк хизматларидан фойдаланиш, мол-мулкини рўйхатдан ўтказиш, никоҳ қуриш ва ажрашиш, фарзандларини боғча ва мактабларга бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлишади.
Россия ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой маълумотига кўра, ҳозирда Россияда хорижий давлат фуқароси бўлган 6,174 миллион киши юрибди. Россияда юрган хорижликлар сони бўйича илк ўнликка Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Беларусь, Украина, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Хитой ва Туркманистон фуқаролари киради.