Россиянинг Красноярск шаҳрида полиция маҳаллий бозорларда ўтказилган рейд чоғида 520 кишини қўлга олган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Красноярск ўлкаси бўйича бош бошқармаси маълумотига кўра, рейдлар чоғида хорижликлар томонидан миграция тартибини бузганлик, чегара тартибини бузганлик, мамлакатда ноқонуний юрганлик, ноқонуний ишлаганлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар бўйича 24 та маъмурий баённома тузилган.
Шаҳарнинг Шахтёрлар кўчасида жойлашган “Южний” (“Жанубий”) ва “Луч” (“Нур”) бозорларида кенг кўламли рейдлар бўлиб ўтган.
Рейд чоғида қўлга олинган мигрантлар оғзидан “жиноятлар содир этганликка алоқадорликни текшириш учун” сўлак намуналари олинган. Маҳаллий полиция вакиллари рейд пайтида миграцион қонунчиликни бузган ҳолда Красноярск ҳудудида бўлган Ўзбекистон, Озарбайжон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари ушланганини билдиришган. Полиция уларни маъмурий жавобгарликка тортмоқчи, камида етти кишини эса мамлакатдан чиқариб юбориш масаласи ҳал қилинмоқда.
Хабар қилинишича, рейд чоғида қўлга олинган 92 кишининг Россия фуқаролигини олгани аниқланган, уларнинг қўлига ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози тутқазилган.
Полициячилар ва Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари ноқонуний миграция ташкил қилганлик эҳтимолига оид ишлар бўйича 50 та текширув материалини қайдга олишган.
Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужумни тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро содир этган.
Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.
2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган.
2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россияда мигрантларга нисбатан позициянинг пассивлиги” юзасидан таассуф билдирган эди. Ўшанда у айрим постсовет республикаларидан келганларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилган эди.