Россия: Курск вилоятида федерал миқёсда ФВ эълон қилинди

Курск вилоятидаги Сужа шаҳри

Тўрт кундан буён Украина армияси рейдлари бўлиб ўтаётган Россиянинг Курск вилоятида федерал миқёсдаги фавқулодда вазият эълон қилинди. Бу ҳақда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билдирди.

Вазирлик баёнотида мазкур қарор фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва унинг оқибатларини бартараф қилиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳукумат комиссиясининг навбатдан ташқари мажлисида қабул қилингани айтилган.

Аввалроқ Курск вилояти раҳбари вазифасини вақтинча бажариб турган Алексей Смирнов 7 августдан бошлаб Украина Қуролли кучларининг чегараолди ҳудудларига ҳужумлари “оқибатларини бартараф қилиш” учун минтақавий миқёсда фавқулодда вазият тартибини жорий қилган эди.

Курск вилоятида Россия ва Украина армияси ўртасида жанглар давом этмоқда. Украина армияси вилоят ҳудудига 6 август куни кириб, Сужа туман марказига ўрнашиб олган. 9 августга ўтар кечаси Рильск яқинида Россия ҳарбий техникасига зарба берилган.

Рильск яқинидаги Россия ҳарбий колоннасига берилган зарба оқибатлари акс этмиш видеода камида 14 та юк машинаси шикастланганини, айрим машиналар кузовларида эса зарба чоғида ўлган россиялик аскарлар жасадларини кўриш мумкин.

Россиялик “ҳарбий мухбирлар” маълумотига кўра, Курск вилоятида жанглар Курск атом электр станцияси жойлашган Курчатов шаҳрида 30 километр нарида ҳамда йирик туман маркази ҳисобланган Льгов шаҳридан 15 километр берида кетмоқда.

The Insider нашри маҳаллий турғунлар дохил турли манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда, украиналик ҳарбийлар Россиянинг Курск вилоятига ёриб кирганидан буён шу пайтгача 11 та аҳоли пунктини ўз назорати остига олишни уддалагани ҳақида хабар қилди.

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маслаҳатчиси исмини ошкор қилмаслик шарти билан The Washington Post нашрига украиналиклар Курск вилоятидаги 100 квадрат километрча ҳудудни эгаллаб олганини билдирган.

Россия Мудофаа вазирлиги вазият назорат остида эканини иддао қилмоқда.

Курск телеграм-каналларида ёйинланган кўплаб видеолардан келиб чиқилса, маҳаллий аҳоли вакиллари россиялик ҳарбийларнинг вазиятни назорат қилаётганига оид баёнотлари ёлғон эканини айтишиб, эвакуацияда ёрдам кўрсатилмаётганидан шикоят қилишмоқда.

Россия президенти Владимир Путин 8 август куни вилоят губернатори вазифасини бажараётган Алексей Смирнов билан видеоконференция шаклидаги суҳбат чоғида Курск вилоятидаги жанглар туфайли ўз уйларини ташлаб кетган оилаларга 10 минг рублдан пул тўлаб беришни ваъда қилган.

Россия ФВВ сайтида маълум қилинишича, федерал миқёсдаги фавқулодда вазият юзага келган тақдирда, жабрланувчи фуқаролар айнан шунча миқдордаги бир марталик ёрдам пули олишга ҳақлари бор.

Айни пайтда биринчи даражадаги эҳтиёж молларининг бир қисми йўқотилса, жабрланувчи 50 минг рубль мол-мулк тўлиқ йўқотилган тақдирда эса 100 минг рубль молиявий ёрдам олиши мумкин. ФВ чоғида одам ўлган тақдирда бир миллион рубль миқдорида, соғлиғига зарар етган тақдирда эса 200 мингдан 400 минг рублгача миқдорда бир марталик нафақа пули олиши мумкин.

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко пайшанба куни Курск вилоятининг ўққа тутилиши натижасида 6 августдан 8 августгача тўққиз бола дохил 66 киши жабрланганини маълум қилган. Вазирга кўра, айни пайтда вилоятдаги тиббиёт муассасаларида 38 нафар жабрланувчи муолажа олмоқда.