Россияда, TelecomDaily ахборот-таҳлилий агентлиги ҳисобига кўра, қарийб 13,5 миллионта кузатув камераси ўрнатилган. Мазкур рақам Россияни кузатув камералари энг кўп ўрнатилган мамлакатлар орасида 3-ўринда эканини англатади. Дунёда кузатув камералари фақат Хитой (200 миллионта) ва Қўшма Штатларда (50 миллионта) Россиядан кўпроқ ўрнатилган.
РБК агентлигининг TelecomDaily’га таянган ҳолда келтирган маълумотига кўра, Германияда 5,2 миллионта, Япония ва Британияда эса 5 миллионтадан кузатув камераси ишлаб турибди.
TelecomDaily тадқиқотида Россиядаги камераларининг катта қисми (58,7 фоизи) тижорат ташкилотлари томонидан хавфсизликни таъминлаш, ўғирлик ва жиноятларнинг олдини олиш учун ўрнатилгани айтилган. Камераларнинг 32,8 фоизи давлат ҳисобидан мактаблар, давлат муассасалари, йўллар ва касалхоналарда ўрнатилган. Улардан қолган 8,5 фоизига жисмоний шахслар эгалик қилади. Булутли видеокузатувга барча камераларнинг 5 фоизга яқини уланган.
Аввалроқ “МБХ медиа” нашри Москвадаги видеокузатув тизимига кириш кодларини “қора бозор”дан сотиб олиш мумкинлигини хабар қилган. Мазкур тизимга 200 мингга яқин камера уланган. Бу камералар 2017 йилдан буён босқичма-босқич юз таниш тизимига уланмоқда.