Россия Марказий Осиё ягона энерготизимига қўшилади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон ва Россия Энергетика вазирликлари Россиянинг “Тизим оператори”ни Марказий Осиё ягона энерготизимига қўшиш ҳақида келишиб олишди. Бу ҳақда журналистларга Россия энергетика вазири Сергей Цивилёв маълум қилди, деб ёзган ТАСС ахборот агентлиги.

“Тизим оператори” Россиянинг Ягона энергетика тизими ҳудудларида марказлашган тезкор-диспетчерлик бошқарувини амалга оширишга ихтисослашган ташкилот бўлиб ҳисобланади.

Бугун икки вазирликнинг муаммони тез ҳал қилиш илтимоси акс этган қўшма баёноти қабул қилинди. Марказий Осиёнинг алоҳида энерготизими мавжуд бўлиб, у ерга биз ҳозирча кирмаганмиз. Бироқ Марказий Осиё ягона энергетика тизимини биргаликда бошқариш учун [“Тизим оператори”] унга кириши керак, биз у билан боғланганмиз. Ўзбекистон томони буни тўлалигича қўллаб-қувватламоқда. Биз яқин орада бу ишни амалга оширамиз”, деган вазир Цивилёв 10 сентябрь куни РФ бош вазирининг Ўзбекистонга сафари доирасидаги музокаралар якунлари ҳақида сўзлар экан.

Сергей Цивилёв бу ташаббус фақат электр энергиясининг тижорий экспорти билангина боғлиқ бўлиб қолмай, мамлакатлар ўртасидаги оқимларни бошқариш билан ҳам боғлиқ эканини, улар электр энергияси танқислиги, табиий офатлар юзага келган ва юкламалар ошиб кетган пайтларда энерготизимни ошиғич мувозанатга келтириш имконини беришини қўшимча қилган.

Ўз навбатида, Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россиянинг Марказий Осиё ягона энерготизимига қўшилишини “мабодо кимдадир кутилмаганда нимадир содир бўлса, мамлакатлар эҳтиёжини оқимлар билан тезликда дастаклаш, вазиятни ўнглаш” зарурати билан изоҳлаган.

Бу бизнинг тизим хавфсизлигини тўғри таъминлашимиз учун муҳим”, деган вазир Мирзамаҳмудов.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабарномасида мазкур келишув ҳақида бирор маълумот берилган эмас. Унда “икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш, ёқилғи-энергетика комплексига инвестицияларни жалб қилиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш” масалалари муҳокама қилингани айтилган, холос. Шунингдек, хабарномада икки мамлакат ўртасида “энергетика алоқаларини изчил мустаҳкамлаш борасида” таклифлар билдирилгани қўшимча қилинган.

Аввалроқ РФда электр энергияси экспорт-импорти билан шуғулланувчи ягона оператор бўлмиш “Интер РАО” вакиллари Ўзбекистонга электр энергиясини экспорт қилиш эҳтимоли кўриб чиқилаётганини, бу мамлакатга электр энергияси етказиб бериш кузда бошланиши мумкинлигини билдиришган эди.

Ҳозирги пайтда Марказий Осиё энергетика тизимига Ўзбекистон, Қирғизистон, Жанубий Қозоғистон ва Туркманистон киради. Май ойида мазкур тизимга Тожикистон ҳам қўшилиши маълум бўлган.

Марказий Осиё ва Жанубий Қозоғистон ягона энерготизми ўтган асрнинг 70-йилларида ташкил этилган. У Тошкентдаги мувофиқлашувчи-диспетчерлик маркази томонидан бошқарилиб, электр энергиясига талаб ва суғориш даврида сувга бўлган эҳтиёжнинг мавсумий тебранишларини мувозанатга келтириш имконини беради.