Москвага сайёҳ сифатида ўз автомобилида келган ўзбекистонлик 21 ёшли талаба шаҳарга кирмасданоқ маҳаллий полициячилар томонидан ушланди. Полиция бўлимига олиб кетилган навоийлик Муҳаммадали Ҳамроев “1 суткада яшаш жойи бўйича миграция қайдига турмаганликда” айбланди.
Озодлик мухбири Ҳамроев полиция томонидан ушланганига шахсан гувоҳ бўлди. Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик ва Озодлик журналистлари аралашувидан кейин Жулебино туман полиция бўлими навбатчи офицери ўзбекистонлик сайёҳ полициячилар томонидан ноҳақ ушланганини тан олди.
2018 йил, 5 июль, кечки соат 11 ларда Москванинг жанубидаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шоҳобчасига бензин қуйиб олиш учун тўхтаган тўрт нафар ўзбекистонлик муҳожир “ППС” машинасида юрган маҳаллий полициячилар томонидан тўхтатилди.
Пост-патруль хизмати ходимлари ўзбек муҳожирларидан ҳужжат кўрсатишни сўради.
Қўлига ҳужжатларни олган полициячи улардан бирининг “регистрацияси йўқлиги учун" уни бўлимга олиб кетишини билдирди.
21 яшар Муҳаммадали Ҳамроев Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридан. У Тошкент давлат техника университетининг 1- босқич талабасидир.
Бўлажак инженер - футбол ишқибози. У Россиядаги Жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қилиш ва бир йўла Россияда меҳнат муҳожирлигида юрган отаси билан учрашишни режалаштириб, Москвага келганини Озодликка сўзлаб берди.
- Айланиш, дадамларни кўриш ва университетлар магистратурасини суриштириш эди мақсадим, дейди муҳожир йигит.
Муҳаммадали Ўзбекистондан Москвага йўлга чиқиб, 4 июль куни Қозоғистон ва Россия чегарасини кесиб ўтди.
Бироқ, Москвага етиб келган ва бензин сотиб олиш учун АЁҚШга кирган ўзбек сайёҳи полициячилар томонидан миграция қоидасини бузганликда айбланиб, ушлаб қолинди.
- Келаётганимда дадамлар билан телефонлашиб келдик. Дадам кутиб олдилар мени. Кутиб олаётганиларида Москвага оёғимни қўйдимки, дарров мелисалар келиб, документларни сўраб, бизларни олиб кетди. “Сен Россияга келибсан, лекин регистрациядан ўтмаган экансан”, деди. Бизлар регистрациядан ўтиш вақти 3 кун деб ўйладик. Улар айтди “Бир сутка давомида ўтилиши керак!”, деб мени полицияга олиб келди, - деди Муҳаммадали.
Озодлик мухбирлари ўзбек муҳожирларининг полиция томонидан тўхтатилганига гувоҳ бўлди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Журналистлар сўровига Жулебино пост-патруль хизмати ходимлари сайёҳнинг олиб кетилаётгани сабабларини бундай тушунтиришга уринди:
- Ҳа, биз уни отделга олиб бориш учун ушлаб қолдик. Президентнинг 202-қарорига мувофиқ қўлга олдик. У 4 июль куни кириб келган, шу сабабли ўша куниёқ қайдга туриши керак эди,- деди президентнинг бу қарори бекор қилингани ва 1 сутка ичида қайдга туриш қоидаси жамоатчилик босими остида бекор қилинганидан бехабарлигини айтган полициячи.
Жулебино полиция бўлимига олиб кетилган ўзбекистонликларга ҳақиқатан “1 суткада қайдга туриш қоидаси” бузилгани айби қўйилди. Бундан олдинроқ Озодлик Россия ҳукумати футбол чемпионати ўтаётган шаҳарларда қайдга туриш муҳлатини 3 суткага узайтирилгани тўғрисида хабар берганди.
Ҳуқуқ фаоли Валентина Чупик ва Озодлик журналистлари аралашувидан кейин Жулебино туман полиция бўлими навбатчи офицери ўзбекистонлик сайёҳ полициячилар томонидан ноҳақ ушланганини тан олди.
Ниҳоят полиция бўлимида ўзбекистонлик сайёҳ Муҳаммадали Ҳамроевдан бармоқ излари олиниб, у қўйиб юборилди.
Ота-ўғил Ҳамроевлар ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар аралашмаганда Муҳаммадали 5 минг рублга жаримага тортилиб, депортация қилиниши мумкин эди, дейди.
- Агар сизлар бўлмаганингизда ўғлимни ё депорт қиларди, ё катта штраф ёзарди, деди навоийлик Мустафо Ҳамроев.
Озодлик Россия президенти Владимир Путин 2018 йил, 12 майда имзолаган 214- қарорга мувофиқ, энди чет элликларга қайдга туриш учун 3 сутка вақт берилиши ва “Регистрация” қоғозини фақат Ички ишлар бўлимлари ёки Кўп тармоқли марказларида (МФЦ) олиши мумкинлиги тўғрисида хабар берганди.
Илгарироқ Россия полицияси мамлакатда 15 июндан 15 июлгача ўтказилаётган футбол бўйича Жаҳон чемпионати доирасида миграция қайдига туриш муҳлатини 1 сутка вақт билан белгилаган эди.
Айни дамда, Россиянинг 11 шаҳрида ва бошқа минтақаларда полиция кучайтирилган режимда ишлаётгани маълум.