Россияда коронавирус пандемияси туфайли 2020 йили меҳнат муҳожирлари сони қарийб икки баравар камайган. РИА Новости агентлигининг Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳозирда мамлакатда 6,3 миллион муҳожир қолган, одатда эса улар сони 9 миллиондан 11 миллион нафаргача бўлар эди.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра, 1,3 миллион хорижлик меҳнат фаолияти учун патент олган, бир йил аввал бу кўрсаткич 1,7 миллион эди. Бу орада вақтинча яшаш учун рухсатнома миллион кишида, иш учун рухсатнома эса 85 минг кишида бор.
Коронавирус пандемияси туфайли расмийлар мамлакатга киришни чеклаб қўйганлар, Россиядаги кўплаб қурилишлар эса тўхтаб қолган. Ҳукумат вакиллари тахминича, бунинг оқибатида меҳнат бозори 1,5 миллионгача ишчидан (биринчи навбатда яқин хориждан бўлган муҳожирлардан) маҳрум бўлган.
Куни кеча Россия Қурилиш вазирлиги ҳукуматга қурилишларда ишлаш учун меҳнат муҳожирларининг мамлакатга осонлаштирилган тартибга кириб келишини ташкил этиш бўйича таклиф киритган. Вазирлик маълумотига кўра, қурилишларда ишлаш учун шу кунда 190 минг чоғли ишчи етишмаяпти.
Аввалроқ Россия ИИВ мамлакатда ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони ўтган йилнинг сентябрь ойи билан солиштирганда қарийб 25 фоизга камайгани ва 1,8 миллион кишини ташкил этгани ҳақида маълум қилганди.
Стратегик ишлов бериш маркази баҳосига кўра, коронавирус пандемияси туфайли Россиядан меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши ширкатларнинг 40 фоизида ишчи кучи танқислигига олиб келган.