"Россияда ишлашдан маъни қолмади". Марказий осиёлик мигрантлар уйларига қайтиш ҳақида ўйламоқда

“Крокус” концерт залидаги терактдан сўнг Россиянинг кўплаб вилоятларида мигрантларнинг йўловчи ташиш, такси ва бошқа қатор соҳаларда меҳнат қилиши тақиқланди. Расмий талқинга кўра, ушбу чоралар “маҳаллий аҳолининг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилинган.

Мазкур қарор биринчи галда Марказий Осиёдан келган мигрантларга зарба бўлди. Кўпчилик ишидан айрилгач, ватанига қайтмоқда ёки қайтиш ҳақида ўйламоқда. “Мигрант Медиа” лойиҳаси журналистлари Новосибирскда яшаб, ишлаётган қирғизистонликлар билан гаплашишди: уларнинг аксари ҳозирги чеклов шароитида Россияда ишлашдан маъно қолмаганини айтганлар.

Новосибирск вилояти ҳукумати апрель ойи ўрталарида мигрантларга такси ҳайдашни, шунингдек алкогол ва тамаки маҳсулотлари сотиладиган дўконларда ишлашни ман этган эди.

“Бу янгиликни яқинда эшитдик. Ҳайдовчи бўлиб ишлаётганлар энди нима қилишни билмай, бошлари қотган, – дейди Новосибирскда яшовчи қирғиз мигранти Карим. – Айримлар қайтиб кетишди. Кўпчилик энди бизга Россияда тинчгина ишлагани қўйишмайди, деган фикр билан кетяпти. Мен ишлашда давом этяпман. Пешонада борини кўраман. Ҳозирча ҳеч ким тўхтатиб, текширмади”.

Новосибирскдаги қирғиз диаспораси вакиллари вилоятда жорий этилган чекловларнинг Қирғизистон фуқароларига дахли йўқлигини айтишади.

“Тақиқ Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланади, чунки улар патент билан ишлайди. Бироқ йўл полицияси ҳаммани ёппасига тўхтатиб: “Рус эмассан, а? Нега таксида ишлаяпсан? Ҳаққинг йўқ” дея сўроққа тутяпти”, – дейди Новосибирскдаги “Асман Киргиз” диаспораси вакили Жусупмуҳамад Турдибоев. – Биздан бирон ҳайдовчини тўхтатишса, у қўнғироқ қилади ва биз дарҳол етиб борамиз. Баҳслашамиз, қонунда унақа эмас, бунақа дея тушунтирамиз. Баъзан юртдошимизни қўйиб юборишларига эришамиз ҳам”.

“Кеча икки кишини тутишган экан. Бирини бугун эрталаб қўйиб юборишди, – дейди Карим. – Очиғи, таксида ишлаш жуда қийин бўлиб кетди. Такси хизматлари ўз улушини оширмоқчи, деган гаплар юрибди. Шундай қиладиган бўлишса, Россияда такси ҳайдашдан маъно қолмайди”.

Карим Новосибирскда 6 йилдан бери таксичилик қилади. Унинг айтишича, Россия куч ишлатар ходимлари мигрантларга ҳамиша ола қараганлар, аммо Москвадаги терактдан сўнг текширувлар жуда қаттиқ бўлаётган экан.

“Илгари ҳам тўхтатишардию лекин, агар ҳужжатлар жойида бўлса, тезда қўйиб юборишарди. Ҳозир дарҳол бўлимга олиб кетишяпти. Баъзан кечқурун ёки тунда олиб кетишади, бўлимда ҳамма ходимлар ҳам жойида бўлмайди. Натижада ҳайдовчилар полиция ходимларини кутиб, эрталабгача қолиб кетишмоқда. Олдинлари дарров вазиятни аниқлаштириб, қўйиб юборишарди”, дейди у.

Мигрантларнинг жамоат транспорти, жумладан такси хизматида ишлашига доир чекловлар ҳадемай ўндан ортиқ регионда кучга киради, улар орасида Воронеж вилояти ва Камчатка ҳам бор. Тула, Калуга, Челябинск вилоятларида, шунингдек Ёқутистон ва ҳатто оккупация қилинган Қримда мигрантларга чакана савдо соҳасида ишлашни тақиқлаб қўйишди.

“Аҳвол шу тарзда давом этадиган бўлса, Қирғизистонга қайтаман, шекилли. Бунақа ўй кўпчилигимизда бор. Бегона юртда қийналиб юрамизми, ундан кўра кетганимиз маъқул”, дейди Карим.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мигрантлар. Кўчага чиқиш қўрқинчли - Крокус оқибати

Ўтган йилнинг охирларида “Яндекс.Такси” сервиси ширкатда қарийб 80 минг ҳайдовчи етишмаётганини маълум қиларкан, бунга, жумладан, мигрантлар сони камайганини сабаб қилиб кўрсатган эди. Кўпчилик ковид пандемияси даврида Россиядан кетганча қайтиб келмади, яна кўплаб мигрантлар эса Россия Украинага қарши уруш бошлаб, рубл курси тушиб кетганидан сўнг мамлакатни тарк этишди. Янги чекловларни ҳисобга олганда, яқин йилларда Россияда ишчи кучи янада танқислашадиган кўринади.