Россия бешта минтақасида дронлар қулаганини иддао қилмоқда

Москва вилоятининг Коломенск туманида қулагани айтилаётган дрон.

Москва вилоятининг Коломенск туманида дрон қулагани тўғрисидаги фотосурат қатор телеграм каналлари орқали эълон қилинди. Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв бу маълумотни тасдиқлади, деб ёзмоқда Озодликнинг рус хизмати.

Губернаторнинг айтишича, гўёки дрон фуқаролик инфраструктураларидан бирига зарба бермоқчи бўлган. «Ерда қурбонлар ва вайроналар бўлмади», деб билдирди Воробьёв.

Телеграм каналларнинг билдиришича, дрон «Газпром»га тегишли газ компрессатор станцияси яқинида қулаган.

Бир кун давомида дронлар ўз ҳудудларига қулагани тўғрисида Россиянинг бешта минтақаси хабар берди. Озодлик рус хизматининг хабар беришича, Белгород вилоятида учта дроннинг қолдиқлари топилган. Брянск вилояти губернатори эса бир дрон уриб туширилганини маълум қилди.

Хабарда Адигей Республикасида ҳам « учувчи аппарат» қолдиқлари топилгани айтилади. Шунингдек, Краснодар ўлкасидаги нефть базаси ҳудудида ҳам дрон учгани кузатилган.

Мазкур нефть базасида 28 февралда ёнғин юз бергани тўғрисида хабар берилган. Россия Мудофаа вазирлиги Краснодар ва Адигейга дронлардан «ҳужум қилинганини тасдиқлади».

28 февралда Санкт-Петербург осмони “номаълум учувчи объект” аниқлангани ортидан ёпилган эди. Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги буни “Ҳаводан мудофаа тизимларининг машғулоти” сифатида эътироф этди.

Россия Мудофаа вазирлиги дронлар ҳужуми ортида Украина турганлигини иддао қилаётир. Киев бу баёнотга ҳозирча муносабат билдирмади.