Би-би-си: Россия урушга мобилизация қилганлардан камида минг нафари ҳалок бўлди

Би-би-си ва “Медиазона” лойиҳаси Украинадаги урушда Россия мобилизация қилганлардан камида минг нафарининг исмларини аниқлади. Россияда мобилизация эълон қилинганига эндигина тўрт ой бўлди.

Ҳалок бўлган 1082 кишининг исмлари очиқ манбалардаги маълумотлар асосида аниқланган. Бу манбалар ҳукуматнинг расмий билдирувлари матбуот хабарлари, ҳалок бўлганларнинг яқинлари ижтимоий тармоқларда қолдирган хабарлар ва қабристонлар берган маълумотлардан иборат. Муаллифлар ўлганларнинг реал сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини билдирди.

Би-би-сининг ёзишича, 1082 кишининг 40 фоизи жорий йилнинг 1 январидан сўнг ҳалок бўлган. Улардан 109 аскар Янги йил кечаси Макеевка бомбардимон қилинганида ўлган. Бу Россия Мудофаа вазирлиги берган рақамдан 20 кишига кўпдир.

Мобилизация қилинганлардан камида 49 нафари Россия ҳудудидаги ҳарбий қисмларда Украинага етиб келмасдан олдин вафот этган.

Би-би-си ва “Медиазона”нинг маълум қилишича, 12 февраль ҳолатига кўра, Украина урушида ўлган 14 093 рус аскарининг исми аниқланди.