Россия: Москвада бир неча юз киши сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши акция ўтказди

Москвадаги Пушкин майдони, 2021 йил 20 сентябри

Москвадаги Пушкин майдонида Давлат думасига сайлов натижалари сохталаштирилишига қарши норозилик акцияси бўлиб ўтди, унда бир неча юз киши иштирок этди.

Пойтахтдаги электрон овоз бериш натижаларини тан олмаган коммунистлар партияси (КПРФ) акция ўтказиш учун рухсат олишга уринган, аммо шаҳар маъмурияти рад этган. Шунга қарамай, коммунистлардан Давлат думаси депутатлигига бир неча номзод, хусусан Валерий Рашкин норозилик чиқишида иштирок этган. Улар пойтахтдаги овоз бериш натижаларини бекор қилишни талаб қилганлар.

Навальнийнинг “Ақлли овоз бериш” лойиҳаси орқали дастакланган депутатликка номзод Михаил Лобанов ҳам овоз бериш натижаларини “муҳокама қилиш” учун одамларни Пушкин майдонига чорлаган. Сайлов участкаларида ташланган варақалар саналганида у “Ягона Россия” (“Единая Россия”) вакили бўлмиш рақиби, телебошловчи Евгений Поповдан 10 минг овозга олдинда эди, аммо электрон овоз бериш натижалари чиққанидан сўнг МСК Попов 20 минг овоз фарқ билан ғолиб чиққанини эълон қилган.

Лобанов “жонли” участкалар ва онлайн овоз бериш натижалари орасидаги бунақа улкан тафовут ҳақиқат бўла олмайди”, дея урғулаган ва сайловчилар ҳамда айни вазиятга тушган бошқа номзодларни ўз ҳақларини талаб қилишга чақирган.

Кузатувчилар Давлат думасига ўтказилган уч кунлик сайловда кўплаб қонунбузарликлар бўлганини айтишмоқда. Россия ҳукумати “хорижий агент” деб топган “Голос” ҳаракати харитасида 4 мингдан зиёд қонунбузарлик ҳолатларига оид хабарлар эълон қилинган.

МСК расман фақат ўн иккита ҳолатда ортиқча сайлов варақалари ташланганини тан олган. ИИВ эса сайлов натижаларига таъсир этадиган жиддий қонунбузарликлар юз бермаганини иддао қилмоқда.

Кузатувчилар ва мухолифат Санкт-Петербургдаги сайлов якунларидан ва Москвадаги қарийб икки минг киши иштирок этган онлайн овоз бериш натижаларидан айниқса норози бўлган. МСК онлайн овоз бериш натижаларини 12 соатдан ортиқ вақт мобайнида сабабсиз эълон қилмаган, эълон қилганидан сўнг эса “Ақлли овоз бериш” дастури орқали дастакланган номзодларнинг қўли баланд келиб турган қарийб барча участкаларда кутилмаганда уларнинг рақиблари – “Ягона Россия” вакиллари ғолиб чиққани маълум бўлган.

“Голос” ҳаракати раисдошига кўра, Москвада номзодларга берилган электрон овозлар сони ажратилган варақалардан 78 мингтага кўп чиққан. У овоз бериш жараёнини “шармандалик”, сайловни эса Россия тарихидаги “энг жирканч сайловлардан бири” деб атаган ва энг камида Москвадаги онлайн овоз бериш натижаларини бекор қилиш кераклигини айтган.