Россия МСК Путинни президентликка номзод ўлароқ рўйхатга олди

Россия Марказий сайлов комиссияси Владимир Путинни Россия президенти лавозимига номзод сифатида рўйхатга олган.

Экспертлар танқидига сабаб бўлган Конституцияга киритилмиш ўзгартишлар туфайли Путин бешинчи (ва олтинчи) марта президент этиб сайланиш ҳуқуқига эга бўлган. Биринчи марта у мазкур лавозимни 2000 йилда эгаллаган эди.

Путин сайловга ўзини ўзи кўрсатган номзод ўлароқ кирмоқда. Қайддан ўтиш учун у мамлакатнинг турли ҳудудларидан ўз номзодини дастаклаган 300 минг нафардан кам бўлмаган россияликнинг имзосини йиғиши лозим эди.

Бу имзо йиғиш жараёнида кўплаб қонунбузарликка йўл қўйилгани айтилмоқда. Хусусан, Санкт-Петербургда имзоларни участка сайлов комиссиялари аъзолари йиғишган, бу эса тўғридан-тўғри қонун бузилиши бўлиб ҳисобланади.

Минтақалардаги расмийлар Путинга берилган имзолар ҳақида ҳисоботлар эълон қилиб, йўл-йўлакай уни мақташган - қонунга мувофиқ эса “номзоднинг ижобий образини яратиш” ташвиқот бўлиб ҳисобланади. Амалдорлар ва депутатларга бирор номзод фойдасига ташвиқот ишларини юритиш тақиқланган.

Бунгача МСКга Путинни номзод сифатида рўйхатга олмаслик талаби билан ариза топширилган эди. Бунга имзо йиғишда йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳамда “Конституцияга киритилган ноқонуний ўзгартишлар” сабаб ўлароқ келтирилган. Мазкур шикоятга турли даражадаги россиялик 26 нафар собиқ ва амалдаги депутат имзо чеккан.

Путин МСК томонидан рўйхатга олинган президентликка номзодларнинг тўртинчиси бўлди. Бунгача “Новие люди”дан Владислав Даванков, Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан (КПРФ) Николай Харитонов ва ЛДПРдан Леонид Слуцкий рўйхатга олинган. Бу партияларнинг Давлат думасида тамсилчилари бўлгани учун уларнинг имзо йиғишига ҳожат йўқ. Президентликка жами 11 номзод даъвогарлик қилаётган бўлиб, қолганлар учун имзо йиғиш жараёни 31 январь куни ниҳоясига етади.

Россияда президент сайловида овоз бериш жараёни 2024 йилнинг 15 мартидан 17 мартигача давом этади.

Россиядаги сайловлар мустақил кузатувчи ва экспертлар томонидан “эркин бўлмаган” ва “ноҳалол” сайловлар сифатида баҳоланиб келади. Расмий муттасил равишда сайлов жараёнига аралашиб келишади, мухолифатчи номзодларга халақит беришиб, ҳукуматпараст номзодлар учун имтиёзлар яратишади, қатор ҳолатларда бевосита сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳам кузатилган.