“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Ўзбекистон ва Тожикистон билан бўлган чегарасини ўз назорати остига олган, бироқ қўшни давлатларга ҳужум қилмасликка ваъда бермоқда. Бу ҳақда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу сешанба куни Бутунроссия ёшлар таълимий форумидаги чиқишида билдирди.
С. Шойгуга кўра, толиблар чегарадан ўтиш, қўшни ҳудудларга ҳужум қилиш бўйича ҳеч қанақа деструктив ҳаракат қилмасликларини айтишган.
Шу кунларда “Толибон” Қундузни эгаллаб олганини эслатган Шойгу Афғонистон томонидан келадиган муҳтамал хатарга тайёр бўлишлари учун Россия Марказий Осиё мамлакатлари армияларини модернизация қилишга кўмаклашаётганини қўшимча қилган.
“Афғонистон томонидан аввал бўлган наркотрафик, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон орқали мамлакатимизга террорчиларнинг кириб келиши каби хатарлар бу билан камайиб қолмайди, албатта. Шунинг учун ҳам КХШТдаги ҳамкорларимиз, бизнинг ҳамкасбларимиз ва иттифоқчиларимизнинг бунга тайёр бўлишлари биз учун жуда муҳим. Бунинг учун биз, табиийки, барча ишни амалга оширамиз”, дея иқтибос келтирган Россия мудофаа вазири сўзларидан "Интерфакс" агентлиги.
“Толибон” ҳаракати ўтган бир ҳафта ичида Афғонистондаги олтита вилоят марказини эгаллаб олгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.