Россия Мудофаа вазирлиги Брянск вилоятига ATACMS зарбаси берилганини тасдиқлади

Иллюстратив сурат

Россия Мудофаа вазирлиги 19 ноябрга ўтар кечаси Брянск вилоятидаги объектга АҚШда ишлаб чиқарилган олтита ATACMS баллистик ракетаси билан зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди.

Вазирлик ракеталардан бештаси уриб туширилгани, биттасига шикаст етказилганини иддао қилган. Уриб туширлагн ракета парчалари ҳарбий объектнинг техник ҳудудига тушган, шу сабабли у ерда ёнғин чиққан, бироқ ёнғин тезкорлик билан ўчирилган. Россия Мудофаа вазирлиги қайдича, ҳодиса чоғида ҳеч ким қурбон бўлмаган, биноларга ҳам шикаст етган эмас.

Аввалроқ “РБК-Украина” нашри Украина мудофаа кучларидаги хабардор манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда, Украина армияси илк бор Россия ҳудуди бўйлаб АҚШнинг ATACMS ракеталари билан зарба бергани ҳақида ёзиб чиққан эди. Манба зарба Брянск вилоятининг Карачев шаҳри яқинидаги ҳарбий объектга берилгани ва ҳадаф “муваффақият билан йўқ қилингани”ни айтган.

Карачев Брянск шаҳри яқинида ва Украина чегарасидан тақрибан 130 километр нарида жойлашган.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, сешанбага ўтар кечаси Брянск вилоятининг Карачев шаҳри яқинида 1046-таъминот марказининг арсеналига зарба берилган. Зарба 12 та иккиламчи портлашларга сабаб бўлган. “Украинага қарши ҳарбий тажовузни тўхтатиш мақсадида россиялик ишғолчилар армиясига мўлжалланган ўқ-дори омборларини йўқ қилиш давом этади”, дейилган хабарномада.

Айни пайтда Украина Бош штаби 24 телеканали журналистларининг Россия ҳудудига зарба беришда илк бор ATACMS қўлланилганига оид саволига ўзида “бундай маълумот йўқ”лигини билдирган.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко Брянск вилоятидаги омборда артиллерия ўқ-дориси, шу жумладан Шимолий Кореядан келтирилган снарядлар сақланганини қайд этган. Бу омборга илк бор зарба берилаётгани йўқ. Бунгача октябрь ойида унга Украина дронлари билан ҳужум уюштирилган эди, деб ёзган “РБК-Украина”.