Россия Мудофаа вазирлиги вазир Сергей Шойгунинг “махсус ҳарбий амалиёт” (расмий Москва Украинадаги урушни шундай деб атайди) ўтказилаётган ҳудудда қўшинларнинг ғарбий гуруҳи бошқарув пунктида текширув ўтказаётгани иддао қилинган видеони ёйинлади.
Вазирлик қайдича, видеода Шойгу гуруҳ қўмондони генерал-полковник Евгений Никифоровнинг ҳисоботини тинглаяпти ва командирлар билан кенгаш ўтказмоқда. Мазкур видеонинг қачон тасвирга туширилгани маълум эмас.
Мудофаа вазири “Вагнер” ХҲШ раҳбари Евгений Пригожин Шойгу ҳамда Россия ҳарбий раҳбариятини лавозимидан четлатиш талаби билан кўтарган ҳарбий исёнидан сўнг илк бор жамоатчилик олдида кўриниш бермоқда. Исён давом этган бир сутка ичида Шойгу ҳеч қаерда чиқиш қилмаган ва воқеалар юзасидан изоҳ берган эмас.
Пригожин 23 июнь куни Россия Мудофаа вазирлиги вагнерчиларнинг фронт ортидаги мавқеига ракета зарбаси берганини иддао қилиб, вазирлик раҳбариятини, аниқроғи, вазир Шойгу ва Бош штаб раҳбари Валерий Герасимовни жавобгарликка тортиш учун Москвага “адолат юриши”ни бошлагани эълон қилган.
Эълон ортидан ўтган бир сутка ичида “Вагнер” ХҲШ колонналари феълан Ростов ҳамда тахминларга кўра, Воронежни ўз назорати остига олишга муваффақ бўлган. Владимир Путин “Вагнер” чиқишини хиёнат ва “орқадан пичоқлаш” деб атаган, Мудофаа вазирлиги эса воқеаларни провокация ўлароқ таснифлаган. Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) “Вагнер” ХҲШ асосчисига қарши исёнга ташвиқ бўйича жиноят иши очишган.
24 июнь оқшомига бориб Пригожин Лукашенко билан музокара олиб боргани эълон қилинган. Бу сўзлашувлар натижасида “Вагнер” колонналарининг Москва томон силжиши тўхтатилган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков қуролли чиқиш иштирокчилари таъқиб этилмаслигини билдирган.