Россиянинг турли минтақаларидан йиғилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар автоколоннада Ўзбекистон томон йўл олди.
Озодлик билан суҳбатда карантин даврида ишсиз ва пулсиз қолган муҳожирлар кутишдан чарчаб¸ шундай тўхтамга келганини айтди.
Россия чет элликларнинг ўз ҳудудини тарк этишига рухсат берган. Айни пайтда¸ Қозоғистон чегара хизмати мамлакатда 11 майгача коронавирус билан боғлиқ фавқулодда ҳолат сақланиб қолиши ва ўз ҳудуди фақат халқаро юклар транзити учунгина очиқлигини билдирди.
30 апрель куни Россиянинг турли минтақаларида гуруҳ бўлиб тўпланган муҳожирлар енгил машина ва автобусларда Россия-Қозоғистон чегараси томон колонна бўлиб йўлга чиқди.
Москвадан чиққан кичик гуруҳдаги Фаррух исмли ҳайдовчининг Озодликка айтишича¸ мувофиқлашган ҳолда йўлга чиққан машиналар сонининг 100 дан кўпдир.
- Биз Телеграм орқали шофёрлар гуруҳида йиғилдик. У ерда мингтача одам бор. Ҳаммамиз 15 мартгача кириб келганмиз, 1-2 ой бўлаяпти ишсизмиз. Пулимиз тугади - олиб келганини еб тугатдик. Ётоқ жойга пул сўрайди. Иложсиз қолган муҳожирлар бизга қўшилди - кетаяпмиз. Питернинг ўзидан 30-40 машина, Москвадан - 40-50 машина, Рязаньдан ва Туладан 10 тадан машина йўлга чиққан. Ундан ташқари Воронеждан, Ижевскдан келяпти, Самарада кутиб турибди машиналар. Ҳаммаси пассажирлари билан келяпти! Булар ҳаммаси қуйилиб, Оренбургда битта бўлади. Бизни йўлда яна 4 автобусда одам кутяпти Самарада.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Фаррухнинг айтишича, одам ташувчи микроавтобусларда 6-7 дан, енгил машиналарда эса 4-5 тадан йўловчи чегара томон кетмоқда.
Ҳайдовчи ҳисоб-китобича¸ Оренбургга 100 та машина етиб борган тақдирда ҳам, автобусдагиларни ҳисобга олмаганда, 600-700 ўзбекистонлик карантин режимига қарамай¸ Россиядан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.
- Россия тўсқинлик қилмаяпти чиқишга. Ўзбекистон ҳам қабул қилиб олади деб умид қиляпмиз. Лекин Қозоғистонда муаммо бўлади. Машиналарда аёллар, ёш болалар, кексалар бор. Булар кетмаса иложи йўқ - озиқ-овқат олволган ҳамма, тугаса қолганлариникини еймиз, деб келишдик. Бу ёғда ётишга жойи йўқ кўпчиликнинг¸ пули қолмаганидан ижара уйидан чиқарворган. Пули борлар қоляпти Россияда, лекин улар ҳам тайёр кетишга кўпи! Ҳозир 100-150 машина ўтиб кетса, изидан кетишга яна 200 машина тайёр турибди, деди Фаррух.
Ҳайдовчи суҳбатдошга кўра¸ Санкт-Петербургдан чиққан машиналар Рязанда кутиб турган бошқа колоннага қўшилиб¸ йўлни давом эттиради.
Рязандан ўтганда бошқа гуруҳларни кутиб турган колонна бошловчиларидан бири бухоролик Фазлиддин Россияда ниҳоятда танг аҳволда қолганлар таваккал қилиб йўлга чиққанини айтади.
- Бизлар уйга кетиш учун Оренбургга йўл олдик. Ўзбекистондан келиб қолган 200-300 машинадаги одамларнинг иши бўлмаса, жойи бўлмаса - нима қилиши керак, дейсиз?! Мен ўзим қариндошларимни олиб кетяпман - уларнинг иши қисқарган, бу ерда қандай кунини кўрсин? Коронавирус деб ишхоналар ёпилди, иш қисқарди. Келганимизга 2 ой бўлаяпти! Машинанинг ичида ухладим шу кунларда ўзим. Шунга, уйга кетишдан бошқа иложимиз қолмади. Уйга борсак мол боқасиз, ер экасиз¸ бошқа юртда қийин. Чегарага борайликчи, бир гап бўлар. Бўлмаса - ўша ерда ётамиз.
Фазлиддин ҳозирча тўпланаëтган машиналар трассадан чиқмаётгани сабабли бирор ГАИ ходими уларни тўхтатмаганини билдирди.
Суҳбатдош Россиядан йўлга чиққан барча меҳнат муҳожирлари номидан Ўзбекистон ҳукуматига Озодлик орқали мурожаат қилди:
- Бу ерда шунча халқимиз қолиб кетди. Ишсиз, нонсиз, жойсиз қолдик! Ҳурматли президентимиз Шавкат Мирзиёевга илтимос қиламиз - юртимизга кетиш учун йўл очиб беринг, юртимизга борайлик. Халқингиз бу ерларда хору-зор бўлиб юрмасин! Шу ердаги мигрантлар номидан сўрайман - Қозоғистон чегарасидан ўтиб кетишга кўмак беринг. Бизга автобус ёки бошқа ёрдам ҳам керак эмас. 14 кун карантинда кириб ётишга ҳам тайёрмиз. Бизга фақат йўл очиб берсаларингиз бўлди - бошқа ҳеч нарса талаб қилмаймиз!
Фазлиддин ҳозирда ўзи етакчилик қилаëтган колоннанинг “Оренбург-Сагарчин” назорат пунктига кетаётгани ва Россиянинг бошқа минтақаларидан келаётган машиналар ҳам шу ерда жамланишини билдирди. Суҳбатдош яна бир нечта ўзбекистонликлар гуруҳи Қозоғистоннинг бошқа чегара пунктлари орқали ўтиб кўришга уринишини ҳам билдирди.
Қозоғистон чегарачилари нима дейди?
Озодлик Қозоғистон давлат чегара хизматининг бир нечта назорат-ўтказиш пунктига мурожаат қилиб, ўзбекистонлик муҳожирлар колоннасига транзит учун рухсат берилиш истиқболини сўради.
- Бизда жисмоний шахсларнинг транзит ҳаракатланиши ҳозирча тақиқланган. Фақат махсус рухсатнома асосида иш юзасидан кетаётганларга рухсат берилган. Биз фақат Қозоғистонда бўлганларга чиқиб кетишга рухсат беряпмиз, холос. 11 майгача бизда “фавқулодда вазият” ҳолати сақланиб туради. Махсус рухсат бўлмагунча хорижликларга кириш мумкин эмас. Агарда давлат раҳбарлари ўртасида қандайдир келишув бўлса, бошқа гап, деди жумладан Жамбил вилояти чегара хизмати расмийси Иманбай Довлетов.
29 апрель куни Россия Бош вазири Михаил Мишустин гражданлиги йўқ ёки иккинчи гражданлиги бўлган шахсларга Россияни тарк этишга рухсат берувчи махсус қарор имзолади.
Ҳозиргча Россия хориж гражданларининг карантин пайтида мамлакатни тарк этишга ҳеч қандай тўсқинлик қилгани йўқ.
1 майга келиб Россияда коронавирусга чалинганлар кунлик сони рекорд даражага етди ва 7933 тани ташкил этди. Жами касалланганлар сони 114 мингдан ошди, ўлганлар 1169 киши.
Касалланганлар орасида мамлакат Бош вазири ҳам бор.