Россия: Нижегород вилоятида мигрантларга патент бериш тўхтатилди

Иллюстратив сурат

Россиянинг Нижегород вилоятида мигрантларга меҳнат фаолияти учун патент бериш тўхтатилган. Жорий йилнинг 1 октябрида “визасиз” давлатлардан, шу жумладан Ўзбекистондан борган хорижликлар у ерда патент ололмаяпти. Бу ҳақда “Коммерсантъ” нашри Россия ИИВнинг Нижегород вилояти бошқармасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Айни пайтда бу тартиб фақат биринчи марта патент олаётганларгагина тааллуқли экани айтилган. Нижегород вилояти миграция масалалари бўйича бошқармаси қайдича, аввал патент олган хорижликлар бу ерда қайтадан ҳужжат расмийлаштириб, иш рухсатномасини янгилаб олишлари мумкин.

“Визасиз” мамлакатлардан бўлган мигрантлар учун меҳнат патентлари беришни тўхтатишга оид қарор Россия Ички ишлар вазирлигининг шу йил 23 сентябридаги буйруғи асосида қабул қилинган. Ички ишлар вазирининг ўринбосари Александр Горовой томонидан имзоланган мазкур ҳужжатда “2024 йилнинг 1 октябридан 2025 йил 1 мартигача меҳнат муҳожирларига патент бериш тўхтатилиши” ҳақида айтилган.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, патент бериш бўйича чекловлар Россиянинг Воронеж ва Великий Новгород шаҳарларида ҳам жорий қилинган. Шу йил март ойида Нижний Новгород расмийлари мигрантларнинг йўловчи ташиш, такси ва бошқа соҳаларда ишлашини тақиқлаб қўйган эди. Расмий маълумотга кўра, бу каби чоралар “маҳаллий аҳоли соғлиғи ва турмуш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида” қабул қилинган. Август ойига бориб чеклов рўйхати кенгайган ва хорижликларнинг бошқа соҳаларда, хусусан чакана савдо соҳасида ишлаши бўйича ҳам чекловлар киритилган.

Россияда сўнгги ойларда мигрантларга қарши кайфиятлар кучайгани ва қонунчилик кескинлашгани кузатилмоқда. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси қайдича, бу ҳолат айниқса Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”даги терактлардан кейин кучайиб кетган. Россиялик терговчилар расмий тахминига кўра, мазкур ҳужум тожикистонлик бир гуруҳ фуқаро томонидан содир этилган.

Терактдан сўнг Россиянинг турли минтақаларида ҳуқуқ-тартиботчилар хорижликлар яшайдиган ва ишлайдиган жойларда рейдлар ўтказа бошлаганлар. Айрим ҳолатларда мигрантлар ҳарбий комиссариатларда қайддан ўтказилган. Шу билан бир пайтнинг ўзида Россияда миллатчилар “рейдлари” ҳам бошланиб кетган – бу “рейдлар” давомида улар мигрантларни ишдан бўшатиш ва қизларнинг рўмолларини ечиштиришни талаб қилишган.

2023 йилнинг октябрь ойида Россия Давлат думасига хорижликларга бутун мамлакат бўйлаб мактабларда, фармацевтика соҳасида, давлат тиббиёт муассасаларида, такси ва юк ташишда ишлашни тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси киритилган.

2023 йил ноябрида Давлат думаси спикерининг ўринбосари Пётр Толстой “Россияда мигрантларга нисбатан позициянинг пассивлиги” юзасидан таассуф билдирган эди. Ўшанда у айрим постсовет республикаларидан келганларга курьер, такси ҳайдовчиси ва сотувчи бўлиб ишлашни тақиқлашни таклиф қилганди.