Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги тартибсизликларга муносабат билдираркан, буни Ўзбекистоннинг ички иши дея атади:
"Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, у дўст мамлакат, у бизнинг жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички ишидир ҳамда республика раҳбариятининг фаол ҳаракатлари билан мавжуд муаммолар ҳал қилинишига шубҳамиз йўқ”.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Ижроия қўмитаси ҳам 1 июлда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ташкилот конституцияга зид кўринишлар ва ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга уринишларни қоралаб, барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни сақлаш тарафдори эканини билдирган.
4 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан алоҳида-алоҳида телефон орқали мулоқот қилди.
Рresident.uz сайти маълумотига кўра, мулоқотларда стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Тоқаев «Қорақалпоғистонда қонунга зид хатти-ҳаракатларга чек қўйиш, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади», дея хабар қилди расмий нашр.
Рresident.uz хабарига кўра, Жапаров Қорақалпоғистондаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишларга чек қўйиш мақсадида Ўзбекистон раҳбари томонидан кўрилган қатъий чораларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган. Бошқа давлатнинг ички ишларига аралашишга йўл қўйиб бўлмаслиги алоҳида таъкидланди.