АҚШ Давлат департаменти Россиянинг Ер орбитаси яқинида учиб юрган ўз сунъий йўлдошига зарба бериш билан ракета синови ўтказганини танқид қилди.
Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайсга кўра, синов натижасида космосда 1500 дан ортиқ “кўзга кўринарли орбитал чиқинди” пайдо бўлган. Бу ҳақда ABCnews телеканали хабар қилди.
15 ноябрь куни АҚШ Қуролли кучлари “космик чиқиндилар пайдо бўлишига олиб келган” воқеани ўрганганини билдирган. Расмий манбалардан бири эса Россия сунъий йўлдошга қарши қурол синовини ўтказганини айтган.
АҚШ Космик кучлари қўмондонлиги сунъий йўлдош парчаларини идентификация қилиш устида фаол иш олиб бораётганини маълум қилган.
Ўтган йил апрелида Россия сунъий йўлдошга қарши ракетани синовдан ўтказаркан, космос уруш олиб бориш учун тобора муҳим соҳага айланаётганини таъкидлаган эди.
АҚШда фазо аппаратларига зарба берувчи ракеталар синови 1950-йиллардан бери ўтказиб келинади.