Россия Маориф вазирлиги билан Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Тошкентда 100 минг нусхада янги рус тили дарслиги чоп этган. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, “Зўр!” (“Класс!”) лойиҳаси доирасида чоп этилаётган бу дарсликлар ўқиш ўзбек тилида юритиладиган мактабларнинг иккинчи синф ўқувчилари учун тайёрланган. Бунақа дарсликлардан жами 600 минг нусхадан кўпроқ чиқариш режаланган.
Дарсликлар рус тилини хорижий тил ўлароқ ўрганиш бўйича янги таълимий дастурга мувофиқ равишда ишлаб чиқилган. Унинг методикасини яратишда россиялик ва ўзбекистонлик муаллифлар иштирок этишган.
Лойиҳа доирасида шу йил сентябридан рус тили бўйича янги дарсликлардан тажриба тариқасида 3–7-синф ўқувчилари ўртасида, янги йилдан бошлаб эса 8–11-синф ўқувчилари ўртасида фойдаланилади.
Аввалроқ Халқаро тараққиёт бўйича АҚШ агентлиги (USAID) халқаро нашриётлар томонидан ишлаб чиқилган икки дарслик лицензиясини сотиб олиш учун Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигига 10 миллион доллар ажратилганини эълон қилган эди.