Россия Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станцияларини қуришни режалаяпти. Бунга оид келишув Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида 27 май куни Тошкентда имзоланган қатор шартномаларнинг бири бўлган.
Мирзиёев кичик АЭСлар қурилишини “муҳим келишув” деб атаб, Ўзбекистон “ўзининг йирик уран захираларига эга” эканини таъкидлаган.
Айни пайтда Путин Ўзбекистон атом энергетикаси бозорида “самарали ишлаш учун” қўлидан келган барча ишни қилишга ваъда берган.
Лойиҳа амалга ошса, бу атом электр станцияси Марказий Осиёдаги илк АЭС бўлади, бу эса Россиянинг минтақага таъсирини янада мустаҳкамлайди.
Аввалроқ Россия Ўзбекистонда нафақат 2,4 ГВт қувватга эга юқори қувватли атом электр станциясини қуришда, балки “ҳар бири 55 МВтгача бўлган, Россия дизайни бўйича босимли сув реакторига асосланган ва ҳар бири 6 тагача энергия блокидан иборат атом электр станциялари” қурилишида ҳам ҳамкорлик қилишига оид хабарлар чиққан эди.
Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Путин Ўзбекистондаги лойиҳаларни молиялаштириш учун 500 миллион долларлик қўшма инвестиция фондига Россия 400 миллион доллар ётқизишини билдирган.
Мирзиёев Тошкент Россиядан катта миқдорда нефть ва газ сотиб олишдан манфаатдор эканини айтган. Бу Москва Марказий Осиёдан нефть ва газ импорт қилган кўп йиллик тажрибага зиддир.
Россия президенти Ўзбекистонга етказиб берилажак газ ҳажмини оширишга ваъда берган.
Тошкентдаги саммитда Путин ва Мирзиёев миграция масалаларини ҳам муҳокама қилишган. Россия президенти мезбон президентга ўз ҳукумати ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига яхши меҳнат шароити яратиб бериш ва ижтимоий ҳимоя билан таъминлашни ваъда қилган.
Владимир Путин икки кунлик давлат ташрифи билан 26 май оқшомида Ўзбекистонга келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.
Халқаро тадқиқотларда урғуланишича, Ўзбекистон Россияга кетаётган санкция остидаги товарларнинг асосий йўлланиш нуқталаридан биридир. Россия шу кунда ташқи савдо айланмасида Ўзбекистоннинг Хитойдан кейинги иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлиб қолмоқда.
Путин Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан буён хорижий ўлкаларга кам чиқадиган бўлган.
Май ойининг илк ҳафтасида бешинчи марта президент ўлароқ қасамёдга келтирилган Путин Ўзбекистонга Хитой ва Беларусга сафари ортидан келган.